Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг 2022 йил 16 апрель куни Қарши шаҳрида “Қадр, хотира ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ўтказган маънавий-маърифий тадбирлар туркуми 1,5 гектарлик янги боғнинг илк кўчатини экишдан бошланди.
Ушбу эзгу ишда Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров ҳам иштирок этди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 2 ноябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгилаб берилган. Шу асосда Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилмоқда.
Лойиҳага кўра, дарахтзорларни кўпайтириш, дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, кўчатхоналар сонини ошириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Шу билан бирга ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш ҳамда дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар изчиллик билан бажарилмоқда.
Қарши шаҳрининг Одина масжиди атрофида жойлашган “Дарвоза Тутак” маҳалласи ҳудудида “Яшил маконни биргаликда қурамиз!” шиори остида ўтказилган кўкаламзорлаштириш тадбири Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармалари ва вилоят ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
Акцияда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва кўплаб кўнгилли ёшлар қатнашди. Тадбир давомида 1 минг 500 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Шаҳрисабзда янги кутубхона очилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббус доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли бунёдкорлик ва маърифатпарварлик ишлари амалга оширилмоқда. Ташаббуснинг тўртинчи йўналиши — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишдан иборат экани ҳам буни тасдиқлайди.
Бугунги кунда ушбу эзгу ташаббус самараси ҳаётимизда яққол намоён бўлмоқда. Юртимизда китобхонлар сони кўпайиб, мавжуд кутубхоналар сони тобора ортиб бормоқда. Бу каби хайрли ишларнинг навбатдагиси Шаҳрисабз шаҳридаги Давлат хизматлари марказида очилган янги кутубхона бўлди.
Кутубхона очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раиси Амирқул Карим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ғулом Абдиев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ахборот-кутубхона марказига академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмоновнинг янги китоблари тақдим этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими маълумотига қараганда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан жами 1 минг донадан зиёд тарихий, сиёсий ва бадиий китоблар совға қилинган. Шу билан янги кутубхонанинг китоб фонди 19 мингтага етди.
Уч авлод учрашувида Тараққиёт стратегиясининг моҳияти ҳақида сўз борди
Шаҳрисабз шаҳрида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раиси Амирқул Карим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ғулом Абдиев ҳамда қашқадарёлик ёзувчи-шоирлар ва олимлар иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини замонавий дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс аҳамиятга эга бўлгани алоҳида таъкидланди. Янги Ўзбекистон – бу ибора юртбошимиз илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир.
Иштирокчиларнинг якдил фикрича, “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида: бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари, иккинчи томондан, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари, учинчи томондан, бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.
Буларнинг барчаси юртимизда инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир. Жорий йил бошидан амалга оширишга киришилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларини рўёбга чиқариш учун 2022 йилга – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилгани ҳам бежиз эмас.
Учрашув якунида қизиқарли савол-жавоблар бўлиб ўтди.