“Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил давомида 1 трлн 197 млрд сўм ажратилган – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 31 январь куни Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қўмита, экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқдилар.

Дастур 273 та банддан иборат бўлиб, унинг 117 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, 14 та қонун, 103 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 156 та чора-тадбирлар дастури ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.

Қайд этилишича, 2021 йилда давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 трлн сўм, 2,6 млрд АҚШ доллари ҳамда 57,5 млн еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган эди. Давлат дастурининг жами 273 та бандидан 243 таси тўлиқ бажарилган.

Шунингдек, тадбирда давлат дастури доирасида бошқа соҳалар каби хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳам кўриб чиқилди.

 Сенаторлар қайд этганидек, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 6,5 минг хотин-қизга Давлат мақсадли жамғармаси томонидан 100 млрд 341 млн сўм миқдорида кредит ресурс маблағлари ажратиб берилган.

Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил давомида 96 873 нафар хотин-қизга 1 трлн 197 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Турмуш шароити оғир ва ногиронлиги бўлган 1 630 нафар хотин-қиз рўйхатлари шакллантирилиб, туман (шаҳар) ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан хужжатлар тасдиқланиб, арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида уйларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш учун 31 млрд 643 млн сўм ажратилган.

Қайд этилганидек, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Аёллар маслаҳат кенгаши” жамоатчилик тузилмаси ташкил этилган.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда 28 та ҳудудий ва туманлараро марказ фаолият кўрсатади. Республика ва ҳудудий Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси фаолияти йўлга қўйилган.

Турмуш шароити оғир ва ногиронлиги бўлган 7 350 нафар аёл ва болаларга 7 млрд 528 млн сўмлик реабилитация воситалари тақдим этиш, ўта оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган 500 нафар хотин-қизни жарроҳлик йўли билан операция қилиш учун рўйхатлар шакллантирилиб, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан 13 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Минимал гендер кўрсаткичлар ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган “gender.stat.uz” веб-сайти яратилиб, уни доимий равишда янгилаб бориш йўлга қўйилган.

Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оила қизлари учун 2 минг 80 та грант ажратилди. Муҳтож ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълим олиш учун контракт тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. Фаол хотин-қизлар билан тизимли ишлаш, уларни раҳбарликка тайёрлаш мақсадида таълим муассасаларида 1029 нафар иқтидорли қизнинг захираси шакллантирилган.

Муҳокамалар сўнгида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan