Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти оммавий ахборот воситалари нигоҳида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Courtyard by Marriott Tashkent” мехмонхонаси “Saffron” залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳисоботи муҳокамасига ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” журналининг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Германия Халқаро Ҳамкорлик Жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда Институт ҳузурида ташкил этилган Илмий-эксперт кенгаши ва Ёш қонуншунослар клуби аъзолари иштирок этди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Д.Файзиева Институт 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатасининг фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасида энг яқин кўмакчига айланганлиги, хусусан, ҳисобот даврида Қонунчилик палатасига киритилган 50 га яқин қонун лойиҳалари юзасидан Институтнинг илмий хулосалари берилганлиги муҳим аҳамият касб этганлигини қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Боқиев ҳисобот даврида Институт томонидан Олий Мажлис палаталари, хусусан, Сенат фаолияти самарадорлигини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 20 га яқин модел қонунлари лойиҳаларини ўрганишда ва амалдаги қонунларнинг таъсирини баҳолашда Институт томонидан ўтказиладиган тадқиқотлар Сенат фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлади.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов Институт томонидан 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 48 та илмий хулосалар тайёрланганлиги, 7 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳалари, 85 та ахборот-таҳлилий маълумот тайёрланганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, Ф.Отахонов ўз тақдимотида ҳисобот даврида Институт “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 11 та бандини самарали бажаришда Олий Мажлис палаталарига яқидан кўмаклашганлиги, бундан ташқари Институт Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдонда билдирган ташаббусларини амалга ошириш бўйича мутасадди идоралар фаолиятига кўмаклашганлиги, жорий йилда бўлиб ўтадиган Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш бўйича ҳам Институт ташкилий жиҳатдан кўплаб ишларни амалга ошириб келаётганлиги, шунингдек Институт модераторлигидаги “Менинг фикрим” веб-порталининг фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берди.

Шунингдек, Матбуот анжуманида Институт бўлим бошлиғи А.Тешабоев Институт муассислигидаги “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашрининг биринчи ва иккинчи сонлари ҳақида тақдимот қилиб ўтди.

Матбуот анжумани давомида оммавий-ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга Институт вакилларидан асослантирилган жавобларни олишди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan