Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ҳисобот даврида вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташқи сиёсатига мувофиқ халқаро майдонда республика манфаатларини илгари суриш, мамлакат ривожланиши учун қулай ташқи шароитларни таъминлаш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро муносабатлар соҳасидаги давлат тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича фаолият олиб боргани таъкидланди.

2021 йилда 8 та хорижий ташриф ва 150 га яқин турли олий даражадаги учрашувлар, онлайн мулоқотлар ва телефон орқали музокаралар ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани туфайли БМТ ва ЕХҲТ доирасида мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ халқаро ташаббуслари бўйича 5 та махсус резолюция қабул қилинди.

Муҳокама чоғида Афғонистондаги вазият бўйича Ўзбекистоннинг сиёсати ва ташаббусларига халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳо берилгани алоҳида таъкидланди.

Ўтган 2021 йилда мамлакатимиз ташқи сиёсатида “иқтисодий дипломатия”га устувор аҳамият берилди.

Самарадорликни ошириш ва хорижий ҳамкорлар билан юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида дипломатик ваколатхоналар томонидан ҳар бир инвестиция лойиҳаси билан алоҳида иш олиб бориш тизими ташкил этилди. Хорижий мамлакатлар ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга 1100 дан ортиқ ташрифи ташкил этилди.

Европа комиссияси томонидан 2021 йил 10 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга “GSP+” тизимининг бенефициари мақоми берилгани мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим ютуқларидан бири бўлди.

Вазирлик ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг тизимли ва мувофиқлаштирилган фаолияти натижасида 2021 йилда жами 686,3 млн долларлик 912 та савдо битими тузилди.

Сенаторлар элчихоналар томонидан таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари етарли даражада ишлаб чиқилмаганлигини, шу сабабли уларнинг катта қисми истиқболсиз деб тан олинаётганини таъкидлади. Лойиҳаларнинг ўртача тўртдан бир қисми амалга ошириш босқичига етиб бормаяпти. Жумладан, Қорақалпоғистонда дипломатик ваколатхоналар томонидан таклиф этилган 54 та лойиҳадан 13 таси истиқболсиз деб топилди. Тошкент вилоятида 11 лойиҳадан 41 таси амалга оширилмаяпти.

Шунингдек, қатор дипломатик ваколатхоналарнинг маҳаллий ҳокимият органлари билан тизимли ишлаш даражаси етарли эмаслиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, тузилган бир қанча битим ва шартномалар тузилганига қарамай, қатор ҳамкор давлатлар бўйича минтақалараро ҳамкорликда амалий натижаларга эришилмаган.

Ҳар томонлама ва очиқ муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan