Бош прокурор ҳисоботи билан бирга долзарб қонунлар ҳам муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 21 апрель куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, Ёшлар парламенти, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича ҳамда аҳолига бошқа хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш учун тегишли солиқ тўловларидан озод этилган, бироқ ушбу имтиёзлар бошқарув ташкилотлари фаолиятида татбиқ этилмаётганлиги турли келишмовчиликларни юзага келтирмоқда.

Ушбу бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга, кўп квартирали уйлардаги муҳандислик-техник коммуникацияларини ва уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилигини сақлаб қолиш ҳамда аҳолининг хавфсиз яшашига шароит яратиб берилишига эришилади.

Шунингдек, Қўмита мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

“Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун нормалари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганлиги қайд этилди.

Жумладан, Иқтисодий процессуал кодекс судья ишни аввал кўриб чиқиш чоғида арбитраж судининг арбитри сифатида иштирок этгани боис айнан ушбу ишни яна қайта кўриб чиқишда иштирок этиши мумкин эмаслиги ва рад қилиниши лозимлигини назарда тутувчи қўшимча;

арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни иқтисодий судлар судловига киритишни назарда тутувчи янги норма;

арбитраж судида кўрилаётган даъво бўйича иқтисодий суд томонидан таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддатини уни арбитраж судида кўрилаётган даъво бўйича таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд томонидан кўрилган таъминлаш чораларини бекор қилишни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга арбитраж ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар юзасидан тўланадиган давлат божи ундириш асоси ва миқдорини белгиловчи ўзгартиришлар киритилаётганлиги таъкидланди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинди.

Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тамонидан коронавирус пандемияси шароитида аҳолини, шу жумладан, муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини сақлашга доир қонунлар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш масалаларига қаратилган муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Таъкидланишича, прокуратура органлари томонидан 4 187 нафар фуқарога 7 млрд сўм кечиктирилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилган. Шу билан бирга, 29 млрд сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар талон-торож қилинганлиги аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш билан бир қаторда, 170 мингга яқин фуқаро, жумладан,
46 802 нафар ёшлар ва 34 804 нафар хотин-қиз прокуратура кўмаги билан ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг шароитини яхшилаш мақсадида прокурорлар секторларида яшовчи 152 598 та оилага ҳар томонлама кўмак берилган. 146 365 та оила маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилган.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш мақсадида
29 мингдан ортиқ тадбиркор ва инвесторларга, шу жумладан 481 нафарига бино, 3 532 нафарига ер, 1 496 нафарига лицензия ва рухсатномалар, 9 243 нафарига кредит ажратилишида амалий ёрдам берилган.

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг 269 906 таси бевосита прокуратура органларида ҳал қилинган. 312 386 нафар фуқаро қабул қилиниб, муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.

Шу билан бирга, мажлисда прокуратура органлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар қайд этиб ўтилди.

Жумладан, аҳоли соғлиғини сақлаш, жумладан, репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлашдаги муаммолар оқибатида юқумли касалликлар ва гўдаклар ўлими сезиларли даражада ошган.

Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга доир вазифалар ижроси етарли таъминланмаганлиги оқибатида республика бўйича 750 050 нафар ёшлар, 856 595 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланмаган. Оқибатда 27 931 нафар ёшлар ҳамда 9 759 нафар хотин-қиз  жиноят содир этган.

Шунингдек, тадбиркорларга ўз вақтида амалий ёрдам берилмаганлиги сабабли 46 985 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини тугатган. 10 258 таси фаолиятини турли сабабларга кўра тўхтатган.

Муҳокама давомида таъкидланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan