Тошкентда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган дастури имзоланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Шу кунларда Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Вена шаҳрида Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТ ва Австрия парламенти билан ҳамкорликда ташкил этилган Аёл спикерларнинг 13-саммити ва Парламентлар раҳбарларининг 5-бутунжаҳон конференциясида иштирок этмоқда.
Ташриф доирасида Сенат раҳбари БМТ Бош котиби ўринбосари, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи котиби Геда Вали билан учрашув ўтказди. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, ушбу ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун махсус дастурини қабул қилиш ҳамда гиёҳванд моддалар айланмаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.
БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва умумевропа принципларига тўла мос келадиган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Г. Вали таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикасининг БМТ инсон ҳуқуқлари Кенгаши аъзоси этиб сайланиши мазкур ислоҳотларнинг жаҳон миқёсида эътироф этилиши далилларидан бири ҳисобланади.
“Давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш, болалар ва тизимли мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш борасидаги қабул қилинаётган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Тошкентдаги БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий ваколатхонаси ташкилотнинг хориждаги энг йирик ваколатхонаси ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз нақадар муҳимлигини кўрсатади”, – деб таъкидлади Г.Вали.
Учрашув давомида томонлар БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий дастурини имзолаш учун БМТ Бош котиби ўринбосарининг жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида келишувга эришдилар. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши одам савдоси, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш, шунингдек, оила қадриятларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари доирасида гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг салоҳиятини ошириш имконини беради.
Шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбари Афғонистон атрофида юз бераётган воқеалар муносабати билан минтақавий хавфсизликни таъминлашда жуда муҳим роль ўйнайдиган идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan