2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун маъқулланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун билан 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг прогнозлари ҳамда 2023 – 2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.

Асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги ва натижадорлиги ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициялар жалб этувчанлик ва ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга йўналтирилган солиқ сиёсатини татбиқ этиш мақсадларига қаратилган.

Шунингдек, Қонунни ишлаб чиқишда 2022-2026 йиллардаги солиқ ва бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганини таъминлаш, “натижага қаратилган бюджет” тизимини жорий этишга ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш тамойилларига қатъий риоя қилинган.

Қонунда солиқ сиёсатига муҳим ўзгаришлар киритилган. Бунда ялпи ички маҳсулотда салмоқли улушга эга ишлаб чиқариш соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш назарда тутилган.

Жумладан, 2022 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари 6,0 фоизни, шу жумладан, саноатда 7,0 фоизни, қурилиш соҳасида
8,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 3,3 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 2022 йил учун ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланмоқда.

Бунда бюджет тақчиллигининг чекланган миқдоридан ошишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатлар фақатгина қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилган. Инфляция даражасининг пасайиши тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда у 9 % атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Қонун билан биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчи қуйи ташкилотларга ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларининг 10 фоизгача қисмини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтиришга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик давлат дастурларини ҳамда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга доир лойиҳаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида чет эл манбаларидан грант асосида ажратилган маблағларнинг биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилиши белгиланган миқдорларини ушбу Қонунга ўзгартириш киритмасдан кўпайтириш назарда тутилмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 30,3 фоизи даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 23,8 фоизи миқдорида белгиланмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 трлн сўм, харажатлари эса 58,7 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.

Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 46,9 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 трлн сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 трлн сўм йўналтириш белгиланмоқда.

Қонун билан кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириш тартиби жорий қилинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Бюджетни шакллантиришда маҳаллий Кенгашлар ваколатлари янада кенгайтирилиши муносабати билан мамлакатимизнинг барча туманларида (шаҳарларида) тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ҳам йўналтирилади.

Жумладан, Қонунда очиқ бюджет, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га 1 трлн 553 млрд сўм миқдорида маблағ назарда тутилган.

Сенаторлар таъкидлаганидек, Давлат бюджети маблағларидан адолатли ҳамда мақсадли фойдаланиш устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим.

Сенат аъзолари томонидан мазкур Қонун маъқулланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan