Ўзбекистонда 2023 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Олтинчи Ассамблеясини ўтказишнинг ўзига хослиги… – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси доирасидаги видео-мурожаати инсониятнинг келажакдаги тақдири учун дунё ҳамжамияти бирдамликда жиддий бош қотириши ва долзарб тадбирларни амалга ошириши лозимлигини ёрқин ифодалаб берди.

Мазкур нутқ қатор глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга молик ўта муҳим ташаббуслар илгари сурилгани билан халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини ўзига тортди ва Ўзбекистоннинг бу сафарги иштироки ҳам жаҳон тарихидан муносиб жой эгаллади.

Ташаббуслар қаторида БМТ шафелигида 2023 йилда Ўзбекистонда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилди.

Маълумот учун айтиш ўринлики, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Ассамблеяси (ЮНEП) ўзига хос шаклланиш тарихига эга бўлган халқаро ташкилот ҳисобланиб, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари (Рио +20) номи билан танилган Конференциясида дунё мамлакатлари раҳбарларининг чақириқлари асосида 1972 йилда жорий қилинган Атроф-муҳит бўйича БМТ дастурининг мавқеи ва даражасини ошириш мақсадида 2012 йилнинг июнь ойида ташкил этилган.

У экологик масалалар борасида бутунжаҳон миқёсида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган халқаро орган саналади ва бугунги кунга қадар инсоният олдида турган энг муҳим экологик муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Умумий аъзоликка асосланган ва ҳозирда 193 та аъзо мамлакатдан таркиб топган ассамблеяни географик ротация асосида икки йил муддатга сайланадиган 10 нафар атроф-муҳит вазирларидан иборат бюро ва унинг раиси бошқаради.

Доимий вакиллар қўмитаси Ассамблеянинг ҳукуматлараро-идоралараро органидир. Қўмитани БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури аъзоси бўлган 118 нафар доимий вакиллар бошқаради ҳамда расман 1985 йил май ойида Бошқарувчилар кенгашининг (ҳозирда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Ассамблеяси) ёрдамчи органи сифатида ташкил этилиб, икки йил муддатга сайланадиган беш кишидан иборат бюро раҳбарлигида фаолият юритади.

Йил давомида аъзо давлатлар қўмитанинг очиқ мажлисларида расмий тайёрлов муҳокамаларида қатнашади. Қўмита БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Ассамблеяси кун тартибини тайёрлайди, сиёсий масалалар бўйича тавсиялар беради, қабул қилиш учун унинг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва бажарилишини назорат қилади.

Ушбу нуфузли халқаро ташкилот томонидан ҳозирги кунгача ассамблеянинг штаб-квартираси жойлашган Кения давлатининг Найроби шаҳрида бешта сессияси ўтказилган бўлиб, уларда халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар муҳокама қилинган. Чунончи:

– 2014 йилнинг 23-27 июнь кунлари БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Биринчи Ассамблеясида Барқарор ривожланиш мақсадлари ва 2015 йилдан кейинги ривожланиш кун тартиби, шу жумладан, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш ҳамда ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдоси масалаларида вазирлар даражасида мулоқот ўтказилган;

– 2016 йилнинг 23-27 май кунлари бўлиб ўтган БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Иккинчи Ассамблеясида ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдоси, илмий ва сиёсий соҳалардаги ўзаро муносабатлар, кимёвий моддалар ва чиқиндилар, денгиз муҳитида пластмассанинг микрозарралари, ҳавонинг сифати, экотизимга асосланган мослашув масалалари кўриб чиқилган;

– 2017 йилнинг 4-6 декабрь кунлари БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Учинчи Ассамблеясида сайёрамиз ҳавоси, ер,сув ва океанларнинг ифлосланишини тугатиш, кимёвий моддалар ва чиқиндиларни хавфсиз бошқариш борасида аниқ мажбуриятларни бажаришга доир қатор масалалар муҳокама қилинган;

– 2019 йилнинг 11-15 март кунлари БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Тўртинчи Ассамблеясида «Экологик муаммолар, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ечимлари» мавзусида учрашув бўлиб ўтган;

– 2021 йилнинг 22-26 февраль кунлари ўтказилган БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Бешинчи Ассамблеяси «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун табиат воситасида ҳаракатларни жонлантириш» мавзусига бағишланган.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда БМТ шафелигида 2023 йилда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклифининг ўзига хос жиҳатлари ва аҳамияти шундан иборатки, унинг таг-замирида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини ҳар тарафлама ва кенг қамровли муҳокамалардан ўтказиш, Орол денгизи қуриши оқибатида вужудга келган экологик офат маркази бўлган Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, соҳа мутахассислари, олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг яқиндан танишиш ҳамда зарур илмий ва амалий хулосалар чиқариш имкониятига эга бўлишига эришиш, шу билан бирга, БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш асосий мақсад қилинган.

Юқорида келтирилган халқаро-ҳуқуқий атаманинг номланиши ва унинг юридик табиати нималардан иборат эканлиги барча учун қизиқ, албатта. Жумладан, «хартия» атамаси халқаро ташкилотнинг таъсис шартномаси каби расмий ҳужжатларга нисбатан ишлатилади.

«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси– битта ҳужжатдан, иккита ёки бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта ҳужжатдан иборат бўлишидан, шунингдек ўзининг муайян номидан ва тузилиш усулидан (шартнома, битим, конвенция, акт, пакт, баённома, хатлар ёки ноталар алмашинуви ҳамда халқаро шартноманинг бошқача номлари ва тузилиш усулларидан) қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси томонидан чет давлат, халқаро ташкилот ёхуд халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъект билан ёзма шаклда тузилган, халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган халқаро келишув ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, БМТ доирасида қатор халқаро масалалар кўтарилган бўлиб, улардан бири сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг 37/7-резолюцияси асосида аъзо давлатларга қайта кўриб чиқиш учун киритилган Бутунжаҳон табиат хартияси лойиҳасидир. Унда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни ифлослантиришнинг олдини олиш ҳамда табиатга зарар етказадиган жанговар ҳаракатлардан тийилиш каби масалалар ўз ифодасини топган.

1982 йил 29 октябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-ялпи мажлисида БМТнинг Бутунжаҳон табиат хартияси аъзо давлатлар томонидан қизғин муҳокамалар асосида (111 та ёқлаб, 18 та бетараф ва 1 та қарши овоз билан) қабул қилинган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат 10 йил аввал бўлиб ўтган БМТнинг Атроф-муҳит бўйича конференциясида ишлаб чиқилган Стокголм декларацияси қоидаларини янада ривожлантирди.

Ҳужжатнинг ўзига хос томони шундаки, у биринчидан, декларатив (юмшоқ) норма бўлмасдан мажбурий (қаттиқ) хусусиятга эга, иккинчидан, БМТга аъзо барча давлатларнинг эрки ва иродаси ўз ифодасини топган.

БМТ резолюцияси ташкилотнинг ёзма ҳужжати (акти) ҳисобланиб, уни қабул қилишда аъзо давлатларнинг камида 50 фоиз ва ундан юқори кўпчилик овози талаб қилинади. Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган резолюциялар, Хавфсизлик кенгаши қарорларидан фарқли ўлароқ, тавсиявий хусусият касб этади. Шунингдек, ҳужжат юксак ахлоқий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлганлиги боис ҳеч бир давлат вето қўйиш ваколатига эга эмас.

БМТ томонидан атроф-табиий муҳитни ифлослантиришнинг олдини олишга қаратилган қатор резолюциялар қабул қилинган. Мисол учун, БМТ Бош Ассамблеясининг 42/186-сонли «2000 йил ва ундан кейинги даврлардаги истиқболлар» номли резолюциясида глобал ресурслар ва экологияни авайлаб асраш вайронкорона ва шафқатсиз фойдаланилган табиий муҳитни тиклашга асосланган барқарор ривожланиш асосида амалга оширилиши назарда тутилган. БМТ Бош Ассамблеясининг 42/187-сонли резолюциясида эса барқарор ривожланиш мақсадларига барча халқаро институтлар, молиявий фондлар ва ҳукуматларнинг вазирлар даражасидаги вакилларини кенг жалб этиш ҳамда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастурининг вазифаларини янада кучайтириш каби ва бошқа қатор ташкилий масалалар белгиланган.

Табиий муҳитни муҳофаза қилишга оид минтақавий ҳужжатлар ҳам мавжуд бўлиб, 1989 йил 7-8 декабрь кунлари Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида ЖССТ ва Европа минтақаси аъзо давлатларининг атроф-муҳит бўйича вазирлари иштирокида ўтказилган учрашувда 2000 йил ва ундан кейинги даврлардаги истиқболлар ҳақидаги БМТ Бош Ассамблеясининг 42/187-сонли резолюцияси, WHA42.26-сонли Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш Ассамблеяси қарорлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа учун соғлиқни сақлаш минтақавий стратегияси ҳамда Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича комиссияси тегишли ҳужжатлари асосида Европанинг атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш бўйича хартияси қабул қилинган.

Унда ҳукуматлар ва жамоат ташкилотлари томонидан ўз мамлакатларидаги ўзига хос муаммоларни ҳал қилиш, табиий муҳитнинг маҳаллий, минтақавий ва глобал миқёсда инсон соғлиғи ва саломатлигига таъсир этишининг барча босқичида амалий чораларни кўриб бориш тўғрисида келишиб олинган. Европа минтақасида ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида ундаги талаблар Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатларнинг конституциявий қонунларида ҳам акс эта бошлаган. Хусусан, 2005 йил 1 мартда Францияда 10 та моддадан иборат Экологик хартия тўғрисидаги конституциявий қонун қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасида ҳам бу борада ўтган 5 йил мобайнида қатор концептуал ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси, 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш концепцияси, 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси шулар жумласидандир.

Юқорида келтириб ўтилган ҳужжатларда мамлакатимизнинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича қуйидаги:

атмосферани ифлослантирувчи моддалар ва чиқиндиларни камайтириш;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

иқтисодиётнинг турли тармоқларига янги ва экологик тоза технологияларни жорий этиш;

қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш;

аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамраб олишни кенгайтириш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги бир қанча халқаро конвенциялар ва тегишли протоколларга қўшилиши ҳамда ратификация қилиш орқали глобал экологик сиёсатнинг фаол иштирокчисига айланди. Масалан, Ўзбекистон биргина 2017 йилда қўшилган БМТнинг иқлим бўйича Париж битими доирасида атмосферага чиқадиган зарарли моддалар ва чиқиндиларни 2030 йилда 2010 йилга нисбатан 10% га камайтириш мажбуриятини олди.

Фикримизча, Ўзбекистон 2023 йилда ўз мезбонлигида ўтказишни таклиф этган БМТнинг Атроф-муҳит бўйича Олтинчи Ассамблеясида қуйидаги, яъни:

биринчидан, дунёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг конструктив механизмларини жорий этишга оид тавсиялар ишлаб чиқиш;

иккинчидан, халқаро ҳамжамият томонидан биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича йиллар давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда уларнинг суръати ва таъсирчанлигини ошириш, бу борадаги янги инновацион ёндашувлар доирасида ўзаро илғор халқаро тажрибаларни алмашиш;

учинчидан, БМТнинг маълумотига кўра, сўнгги 20 йил ичида ер юзида табиий офатлар натижасида 1,2 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган ва бунинг оқибатида 3 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрилган. Жаҳон банки экспертларининг маълумотига кўра, 21-аср охирида ҳозирги даража сақлаб қолинган тақдирда дунёдаги об-ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича ўртача 4, Марказий Осиёда эса 7 даражага кўтарилади. Ҳаво ҳароратининг энг юқори кўрсаткичи эса Орол денгизи ҳудудига тўғри келиши тахмин қилинмоқда. Шу боис, дунё ҳамжамияти томонидан ишлаб чиқариш жараёнларига юқори технологиялар тўлиқ жалб этилган мамлакатлардаги тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратиш ва божхона расмийлаштируви бўйича тўловлар миқдорини кескин камайтириш ҳамда давлат божларидан озод қилиш механизмларини кенг жорий этиш таклифини билдириш;

тўртинчидан, дунёда кенг кўламда ер ва ер ресурсларидан фойдаланишнинг янги замонавий ёндашувлари акс этган инновацион лойиҳаларга Жаҳон банки ва халқаро валюта фонди, Европада тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, шунингдек, давлатларнинг сармояларини киритиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

бешинчидан, жаҳон ҳамжамияти томонидан муқобил энергия манбаларини кенг қўлловчи минтақа мамлакатлари тажрибасини ўрганган ҳолда ривожланаётган давлатларга техник ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида айтганда, 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган Атроф-муҳит бўйича БМТнинг Олтинчи Ассамблеяси глобал миқёсда олиб борилаётган ушбу йўналишдаги халқаро саъй-ҳаракатларни янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Фозилжон ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти директори, юридик фанлар доктори

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan