Сайловчилар депутатлар ташаббус кўрсатиб, муқобил фикрларни,
қатьий сиёсий иродани намоён этишларини кутмоқда.
Чунки ҳақиқат баҳс ва тортишувларда туғилади.
Шавкат Мирзиёев
Ҳар қандай жамиятда демократик қадриятларнинг шаклланиши ва унинг кейинги тараққиёти бир қатор омилларга боғлиқ. Демократик давлат даражаси, аввало, жамият аъзоларининг сиёсий онги ҳамда жамиятдаги ижтимоий-сиёсий институтларнинг мавжудлиги, уларнинг фаоллиги билан белгиланади.
Демократлашув жараёнлари мустаҳкамланиб боришида энг муҳим сиёсий институт ҳисобланган – парламент бугун инсоният ҳаётида ижтимоий, сиёсий муносабатларни тартибга солувчи, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи, энг асосийси, халқнинг қарашларини давлат бошқарувида акс эттиришнинг ўзига хос ифодаси сифатида гавдаланмоқда. Таъкидлаш керакки, кучли парламентга эга бўлган мамлакатларда халқнинг давлатга нисбатан ишончи ҳам юксак бўлади. Ўзбекистон ҳам ўзига хос миллий парламентига эга бўлган мамлакатлар қаторида нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда муносиб ўринга эга ва бу хорижий ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
Замонавийлик ва глобаллашув шароитида жамият ҳаётида сиёсий институтларга бўлган ишончни шакллантириш улар фаолияти самарадорлигининг асосий кафолатидир. Бу жараён, айниқса, парламент фаолиятига кўпроқ боғлиқ.
Фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки, давлат ҳокимияти органлари ҳамда сиёсий институтлар фаолиятининг самардорлиги, депутутлар ҳамда вакиллик органларининг ўз вазифларини бажаришлари билан боғлиқ муаммолар бугун дунёда сиёсий тузумларнинг барқарорлиги сифатида кўрилмоқда. Чунки сиёсий институтлар фаолиятининг ўзи етарли бўлмасдан, унда халқнинг мақсад ва манфаатлари қай даражада акс этиши механизми асосий ўрин тутади. Халқ манфаатлари ифода этилган жамиятлар доимо кучли ва ҳар қандай ўзгаришларда собитдир. Бу ўзгармас аксиома.
Депутат ёрдамчиси институти – Ўзбекистонда парламентаризм ривожининг яна бир маҳсулидир. Парламент жамият ҳаётининг кўзгуси сифатида жамиятдаги барча ўзаришлар ҳамда ислоҳотлар учун замин тайёрлашда асосий ўрин тутади. Унинг фаолиятини такомиллаштириш – бу жамият ҳаётини янгилаш, ривожлантириш демакдир. Сўнгги йилларда парламент фаолиятини янада такомиллаштириш борасида янада олдинга илдамланди. 2021 йилдан бошлаб парламент фаолияти тизимида яна бир янги институт – депутат ёрдамчиси жорий этилишини эса парламентнинг электорат билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш механизми сифатида талқин этиш мумкин.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонун 94-модда билан тўлдирилиб, депутат ёрдамчиси лавозимининг мақоми белгилаб қўйилди. Ушбу институтнинг энг асосий моҳияти – у электорат ва партия ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш омили ҳисобланади. Унга кўра, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳақли.
Шу муносабат билан 1996 йилдаги “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг вакили тўғрисидаги 142-модда чиқариб ташланди. Энди депутат вакилининг фаолияти тўла равишда расмийлаштирилиб, парламент фаолиятида янги тизим ишга тушди. Буни парламент ва фуқаролар (электорат) муносабатлари янада такомиллашишига хизмат қилувчи, парламентнинг шаффоф фаолият юритишига оид амалий ташаббус сифатида кўриш мумкин.
Хорижий тажриба. Айни пайтда депутат ёрдамчиси фақатгина лавозим сифатида эмас, балки унинг ортида давлат ҳокимияти вакиллик органининг нуфузи турганлиги билан ўта масъулиятли вазифадир. Шу боис депутат ёрдамчисининг профессионаллик хусусиятини ривожлантириш – парламентаризмни янада мустаҳкамлашнинг муҳим омили саналади. Депутат ёрдамчиси хорижий тажрибада кўп ҳолларда “Asissent of Deputy” (AD) номи билан қўлланилади. Шимолий Европа давлатлари, Aвстрия, Чехия, Словакия, Швейцария, Бразилия каби мамлакатларда исм-шарифи партия рўйхатида сайланган депутатлар номидан кейин келган номзодлар депутат ёрдамчилари бўла олишади.
Депутат ёрдамчиси бошқарув соҳасида қуйидаги жиҳатларга эга бўлиши алоҳида ажратиб кўрсатилади:
а) фуқаролик (фаоллик,); б) профессоналлик (ўз соҳасини тўлиқ билиши); в) сиёсий (давлат бошқаруви хақида маълумотга эга бўлиши).
Депутат ёрдамчиси фаолиятини молиялаштириш қуйидагича ташкил этилади:
а) жамоатчилик асосида;
б) давлат бюджети ҳисобидан (маҳаллий бюджет ва парламент);
в) жамоатчилик асосида;
г) сиёсий партия ҳисобидан.
Италия, Германия ва Швейцария давлатларида депутат ёрдамчисининг маоши бевосита парламент бюджетидан қопланади. Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлиллари асосида айтиш мумкинки, депутат ёрдамчиси жаҳон парламентаризми тизимида кенг оммалашаётган сиёсий институт сифатида ўзига хос ўринга эга. Бу дунёнинг ривожланган мамлакатларининг, аввало, ўзининг сиёсий давлатчилик муносабатлари, иккинчидан парламент билан боғлиқ фаолиятида алоҳида аҳамият касб этади.
Хусусан, Дания, Буюк Британия, Финляндия, Литва, Латвия, Аргентина, Россия мамлакатлари парламентлари тизимида депутат ёрдамчиси институти мавжуд. Унинг фаолияти, масалан, Россия Федерациясида 1994 йил 8 майда қабул қилинган “Россия Федерацияси сенатори мақоми ва Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси депутати мақоми тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади (76 ўринда депутат ёрдамчиси, унинг ҳуқуқий мақоми ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилган). Ушбу Қонуннинг 8-моддасига кўра, нафақат Федерал Мажлис депутатлари, балки сенаторлар ҳам ўзларининг ёрдамчиларига эга бўлишлари тўғрисида сўз боради.
Литва Республикасининг 1990 йил 11 апрелдаги “Литва Олий Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги Қонуни 13-моддасига кўра, депутат жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи ёрдамчисига эга бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Қозоғистон Республикасининг 1994 йил 14 июлдаги “Қозоғистон Республикаси Олий Кенгаши депутатининг ёрдамчилари лавозимини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуни депутат ўз танловига асосан ёрдамчисига эга бўлиши тартиби белгилаб қуйилган. Шунингдек, Қонуннинг 2-моддасига кўра, депутат ёрдамчисининг марказда ҳам, жойларда ҳам вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органларига, шунингдек уларга ҳисобдор бўлган органларга ҳуқуқий ва бошқа масалалар юзасидан маслаҳат сўраб мурожаат қила олиши, депутат сайланган сайлов округи ҳудудида ўтказиладиган ҳокимият вакиллик ва ижроия органларининг йиғилишларида, меҳнат жамоалари ва фуқароларнинг яшаш жойидаги йиғилишларида қатнашиши мумкинлиги, депутатнинг ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ топшириқларини бажариш учун унинг топшириғи билан вилоят бўйлаб хизмат сафарларига чиқиши, депутат номига юборилган почта-телеграф жўнатмаларини қабул қилиш каби вазифлари мавжуд.
Швеция, Испания ва Португалияда депутат ёрдамчиси фракция томонидан белгиланади. Финляндияда депутат ёрдамчисининг асосий вазифаси сифатида депутатнинг давра суҳбатларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича электорат билан учрашувга асосий жавобгарлик, ОАВ билан учрашувларни ташкиллаштириш ва умумий ҳисобда котиблик вазифасини бажариш, депутатнинг фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритиш кабилар белгиланган. Депутат ёрдамчисининг вазифалари халқаро қонунчиликда депутатнинг қонун доирасида белгиланган вазифалари билан тўлиқ мос келиши лозимлиги кўрсатилган.
Депутат ёрдамчиси институти – глобаллашув шароитида электорат мааатларини тўлиқ ифода этишнинг асосий механизми сифатида. Жамиятда депутат ёрдамчиси ва унинг зарурияти ҳақида турли туман баҳслар ва қарама-қаршилик мавжуд бўлишига қарамасдан ушбу институт аҳолининг маълум географик ҳудудда жойлашуви, анъана ва қадриятларининг турли-туманлиги ҳамда аҳоли сонининг кўплиги нуқтаи назаридан маълум бир ҳудуддан сайланган депутат фаолияти самарадорлигининг кафолати эканлиги билан зарур ва шартдир. Хорижий тажрибада депутат ёрдамчиси географик ҳудуд ва аҳоли сонига қараб белгиланиб, ҳар бир депутат учун 2 тадан 6 тагача жорий этилган. Ўрганилган таҳлиллар асосида замонавий жамиятда депутат ёрдамчиси қуйидаги имконият ва салоҳиятга эга бўлиши улар фаолияти самарадорлигини оширишнинг кафолати ҳисобланади:
– парламент ва депутат фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликдан тўлиқ хабардор бўлиши (регламент) депутат ёрдамчисига қўйилган биринчи ва асосий талабдир;
– ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, уни юритиш этикаси, унинг сиёсий ва ҳуқуқий асосларини тўлиқ ва аниқ тарзда билиши муҳимдир;
– жамоа ва фуқаролар билан индивидуал тарзда муомала қилиш маданияти ва унинг асосий йўналишлари (психологик ёндашув)ни билиши лозим;
– депутат сайланган ҳудуднинг вакили бўлиши, географик жиҳатларини тўлиқ билиши керак, бу аҳоли муаммолари ва мақсадларини аниқлашда катта рол ўйнайди;
– олий маълумотли бўлиши (илғор хорижий мамлакатлар тажрибасида, хусусан, Чехия, Дания давлатлари қонунчилигида) шартлиги унинг фаолияти самарадорлигида ва назарий билимларини амалиёт билан боғлашда алоҳида катта аҳамият касб этади;
– ижтимоий-сиёсий жараёнлардан тўлиқ хабардор бўлиши ва фаоллиги – унинг сиёсий фаолиятида етакчи маъно-мазмун касб этувчи жараён ҳисобланади;
– учрашувлар, семинар ҳамда қабуллар ташкил этиш ва уларни бошқариш (ўтказиш) маҳоратига эга бўлиши – унинг фаолиятининг асосий жиҳатидир.
– депутатнинг ижтимоий тармоқлар (масалан telegram, facebook, instagram)даги шахсий саҳифаси ва блогини тўғри, аниқ, PR-технологиялардан фойдаланган ҳолда юритиши глобаллашув жараёнида муҳим ҳисобланади.
– шунингдек, уларни салоҳиятли кадрлардан танлаб олиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу жараён доимий мониторинг қилиниши алоҳида аҳамиятга эга.
Депутат ёрдамчиси – “парламент–депутат–халқ” ўзаро муноса-батларининг асосий мурвати сифатида. Албатта, бу жиҳатларга эга бўлган депутат ёрдамчисининг бўлиши депутатлик фаолиятининг самарадорлиги ва парламентга бўлган фуқароларнинг ишончини янада мустаҳкамлашда катта ўрин тутади. Чунки депутат ёрдамчиси жойларда аҳоли билан мулоқотнинг доимий ва жонли вакили сифатида депутатга муаммолар амалий ва тез ҳал этилишида асосий кўмакчи ҳисобланади. Депутат ёрдамчисининг фаолияти самарали ва натижадорлиги боис дунёнинг ривожланган мамлакатлари, жумладан Россия, Япония, Финляндия, Дания, Норвегия, Буюк Британия, Италия каби мамлакатларда нафақат парламент депутатининг, балки маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳам ўз ёрдамчилари мавжудлиги бежиз эмас.
Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар қаторида депутат ёрдамчиси институтининг жорий этилиши – ўзига хос равишда “парламент–депутат–депутат ёрдамчиси–электорат” муносабатлари занжири шаклланишига олиб келди. Миллий қонунчиликда депутат ёрдамчисининг қуйидаги вазифалари белгиланди:
– депутатнинг партия, унинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ҳамда сайловчилар билан самарали алоқа ўрнатишига кўмаклашади;
– сайлов округида жисмоний ва юридик шахслардан депутат номига келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олади ва бу ҳақда депутатни хабардор қилади;
– жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини депутат томонидан қабул қилинишига, шунингдек депутатнинг сайловчилар билан учрашувларини ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этишга кўмаклашади;
– сайлов округи ҳудудида депутат ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни депутатнинг топшириғига кўра ташкил этади;
– округ сайловчиларини депутат фаолияти тўғрисида хабардор қилади;
– депутатнинг мурожаатларини, сўровларини тайёрлашда ҳамда сайлов округида депутат томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этади, мурожаатларда баён этилган масалаларни ўрганади.
Ўзбекистонда депутат ёрдамчиси фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг малакаси ва салоҳиятини ошириш борасида семинарлар, ўқувлар ташкил этиш, шунингдек депутат фаолияти ҳамда парламент ҳаётида иштирок этиб боришини таъминлаш каби муҳим вазифалар ётади.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда демократик ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда ва ҳар қандай ислоҳот инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга кечмоқда. Бу жараёнда депутат ёрдамчиси институти – жойларда аҳоли турмуш тарзига яқин бўлиш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида англаш ва қонуний ечимларини топиш билан бир қаторда мамлакатда давлат ҳокимияти ва халқ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда ҳам алоҳида аҳамият касб этиши муқаррар. Зеро, ҳар қандай кучли давлат – тўғри танлов ва кичик ривожланишлар асосига қурилажак!
Ғ. МАҲАМАДЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти БМТ ўқув маркази раҳбари