Қонунларнинг ижроси муҳокама қилинди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар
 
 

Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати  Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Сенат Ишчи гуруҳи томонидан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси, мактабгача ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим қамровини ошириш юзасидан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан ўрганиш олиб борилган эди. Мажлисда мазкур ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2018–2020 йиллар мобайнида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида болаларнинг қамров даражаси ошган.

Жумладан, Сурхондарё вилоятида 2018 йил 3–7 ёшгача бўлган болалар қамрови 18,6 фоиз бўлса, 2020 йилда 41,5 фоизни (ўсиш – 22,9 фоиз), Қашқадарё вилоятида 2018 йилда 13,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 42,4 фоизга (ўсиш – 29,1 фоиз) етган.

2020 йилда Сурхондарё вилоятида 54 071 нафар 6 ёшли боладан 37 648 нафари ёки 69,6 фоизи, Қашқадарё вилоятида 70 303 нафар 6 ёшли боладан 40 905 нафари ёки 58,2 фоизи мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳига қамраб олинган.

Қолаверса, болаларни бошланғич таълимга сифатли тайёрлаш, соғлом, фаол, келгусида муваффақиятли ўқув фаолияти учун шарт-шароитларни шакллантириш мақсадида мажбурий бепул тайёрлов гуруҳларининг манзилли рўйхати ҳамда уларга қамраб олинадиган болалар рўйхати шакллантирилган.

Хусусан, Сурхондарё вилоятида туман (шаҳар)лар кесимида 443 та тайёрлов гуруҳи ташкил этилиши натижасида мактабгача таълим ёшида бўлган 13 260 нафар, Қашқадарё вилоятида 400 та тайёрлов гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиши натижасида мактабгача таълим ёшида бўлган 12 128 нафар бола қамраб олинган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан мактабгача таълим ва тарбия соҳасида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, мазкур ҳудудларда мактабгача таълим билан қамровнинг пастлиги, айниқса, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши, Деҳқонобод ва китоб туманларида, Сурхондарё вилояти Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Олтинсой туманларида 40 фоизга ҳам етмаганлиги, олий маълумотли педагог ходимлар сонининг камлиги, мактабга мажбурий бепул тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш кўрсаткичи ҳам пастлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, мажлисда Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ижроси ҳам кўриб чиқилди. Тадбирлар режасида Қонун ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилиши белгиланган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмаганлиги қайд этилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan