Олий Мажлис палаталари ва Осиё-Тинч океани давлатлари ҳамкорлиги:парламентнинг ташқи сиёсатдаги роли муҳим ҳисобланади – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Мақолалар

Ривожланиб бораётган давлатлар бугун ўзларининг ички ва ташқи сиёсатида аниқ мақсадлари сари демократик ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Бу, ўз навбатида, ҳар бир мамлакат халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиш учун интилаётгани билан изоҳланади. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат юртимизнинг халқаро нуфузини кун сайин оширмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати чуқур ўйланганлиги, прагматик ва аниқ ечимларга асосланганлиги, ўзининг демократик руҳда фуқароларнинг эҳтиёж ва манфаатларига жавоб бериши билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

Мамлакатимиз ташқи сиёсатда барқарор, адолатли ва демократик давлат қуриш, халқаро муносабатларда очиқлик ва ошкораликни илгари суриш йўлидан бардавом бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси трибунасидан туриб айтган сўзи ҳам ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларнинг мазмун-моҳиятини ифода этади«Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёрдир. Биз барча шерикларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз».

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги барча ресурслар очиқлик ва тинчликка сафарбар этилаётгани замирида чинакам демократик ғоялар мужассам экани ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида изчил олиб борилган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, эришилган натижалар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Тараққиёт стратегиясининг ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг еттинчи –  “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш”устувор йўналишидаги 95-мақсад – “Анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш”,99-мақсад– “Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг истиқболли бозорларига экспорт ҳажми ва номенклатурасини ошириш, ушбу ва бошқа минтақалардаги давлатлар билан анъанавий стратегик шериклик асосидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини қамраб олган.

ТАШҚИ СИЁСАТ

Шу ўринда демократиянинг ажралмас бўғини бўлган парламентнинг мамлакат ташқи сиёсатидаги роли муҳим ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси қабул қилиниши тарихий воқелик бўлди. Бу билан халқаро майдонда парламентлараро алоқалар олиб бориш фаолияти ўзига хос ҳуқуқий асосга эга, десак муболаға бўлмайди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, хорижий давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлис палаталари иштирокини фаоллаштириш каби вазифалар белгиланган. Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистон парламенти томонидан ҳар бир минтақа ва парламентлараро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар изчил ва фаол ташқи сиёсатда парламент дипломатиясининг аҳамиятини оширмоқда. Олий Мажлис палаталари томонидан хорижий парламентлар билан ҳамкорликдаги гуруҳ ва комиссиялар билан ўзаро амалий алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтириш чоралари кўрилиши натижасида парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолияти янги босқичга кўтарилганини кўриш мумкин.

Бугунги кунда парламентлараро дўстлик гуруҳлари давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун доимий мулоқот майдони вазифасини бажариб, парламент демократиясининг муҳим қисми сифатида очиқ, конструктив ва жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизмига айланмоқда. Агар миллий парламент 2015-2019 йилларда 28 та давлат парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳларида фаолият олиб борган бўлса, ҳозир уларнинг сони 53 тага етди, шу жумладан, 52 таси давлатлар ва Европа Иттифоқи парламентларидир. Ушбу хорижий парламентлар билан миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик режалари, «йўл харита»ларитузилган бўлиб, бу ўзаро алоқаларни аниқ чора-тадбирлар асосида олиб боришга хизмат қилмоқда.

Юқорида келтирилган концепция ва давлат дастуридаги мақсадлар доирасида жорий йилнинг февраль ойида Олий Мажлис палаталарининг парламентлараро масалалар бўйича қўмиталари, мамлакатимиз ташқи сиёсатига бевосита алоқадор давлат идоралари ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда хорижий парламентлар ва дўстлик гуруҳлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича хорижий парламентлар кесимидаги режа ва «йўл харита»ларга мамлакатдаги ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалалари муҳокама марказида бўлди. 

Шу билан бирга, миллий экспертларимиз томонидан XXI аср глобал тенденцияларининг мамлакатимиз ташқи сиёсати устувор йўналишларига таъсирини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон ва Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон дипломатияси кун тартибида доимо долзарблиги алоҳида қайд этилди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, халқаро хавфсизлик принципларини таъминлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ва ташқи савдо ҳажмини ошириш, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, халқаро шартномалардаги мажбуриятларни бажариш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш ва бошқа шу каби йўналишларда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш юзасидан Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари парламентлари билан муносабатларни жадаллаштириш муҳим ҳисобланади. 

Ҳозирда Олий Мажлис палаталари томонидан Осиё-Тинч океани минтақасининг бир қатор давлатлари парламентлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. 

Масалан, Хитой Халқ Республикаси Бутун Хитой Халқ Вакиллари Кенгаши, Япония Парламенти, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси, Канада парламентининг Жамоат палатаси, Малайзия парламенти Вакиллар палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳлари шакллантирилган ва турли соҳаларда юқори даражадаги ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Ҳамкорлик доирасида парламентаризмни ривожлантириш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва парламент фаолиятига доир бошқа масалалар юзасидан икки томонлама маслаҳатлашув учрашувлари тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. 

Эътироф этиш керакки, Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари ривожланиш бўйича кўп соҳаларда етакчи ўринларда бормоқда. Бунга Хитой, Жанубий Корея, Япония, Индонезия, Малайзия, Сингапур ва бошқа мамлакатларда илм-фан, ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт сингари қатор соҳалар юқори даражада ривожланганлигини мисол қилиб келтириш мумкин. 

1993 йилда ташкил этилган Осиё-Тинч океани минтақаси парламент форуми ҳозирги кунда жаҳондаги йирик парламент ташкилотларидан бири бўлиб, тинчлик, гендер тенглиги, эркинлик, демократия, фаровонлик, эркин савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш ва соғлом атроф-муҳит амалиётини кенгайтириш бўйича 27 аъзо парламент мазкур форум доирасида очиқ ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга ва парламент ролини оширишга кўмаклашиб келмоқда.

Форум фаолияти давомида ҳозирга қадар 29 маротаба йиллик сессия ташкил этилиб,самарали натижаларга эришилди. Хусусан, 2016 йилнинг 17-21 январь кунлари Ванкувер (Канада)да бўлиб ўтган сессияда Осиё-Тинч океани минтақаси парламент форуми тарихида илк бор аёл парламент вакилларининг жамиятдаги сиёсий жараёнларда аёллар ролини оширишига қаратилган учрашуви ташкиллаштирилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, бундай учрашувларни анъанавий тарзда ҳар йили ташкил этишга келишилганлиги ва форум доирасида аёл парламент вакиллари Координаторлик кенгаши ташкил этилгани ижобий ўзгаришлардан бири бўлди. 

2017 йилнинг 15-19 январь кунлари Натадола (Фиджи)да бўлиб ўтган сессияда илк бор муҳим аҳамиятга эга бўлган халқаро форумларда тўлақонли ҳамкорлик ва очиқ мулоқотга тўсиқ бўлувчи шахсий санкцияларни парламентларга нисбатан қўллашдан воз кечишга қаратилган амалий ишлар юзасидан «Осиё-Тинч океани минтақасида парламент ҳамкорлиги тўғрисида»гирезолюцияси қабул қилинди ва бу парламентлараро алоқаларнинг янги босқичини бошлаб берди. 

«Осиё-Тинч океани минтақасида тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида»ги резолюцияда хавфсизликнинг умумийлиги, халқаро ҳуқуқнинг устунлиги, муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва куч ишлатмаслик масалалари ўз аксини топган бўлса, «Осиё-Тинч океани минтақасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида»ги резолюцияда эса минтақада Жаҳон савдо ташкилоти тамойилларига асосланган универсал, шаффоф, очиқ ва адолатли кўп томонлама савдо тизимининг аҳамияти ва етакчи роли яна бир бор тасдиқланди.

Осиё-Тинч океани минтақаси парламент форуми ўз фаолияти натижаси ўлароқ минтақа ва унинг ташқарисида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, Минтақавий кўп томонлама ҳамкорлик (мультилатерализм)ни кучайтириш ҳамда Халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига асосланган масалаларни ҳал қилиш, минтақада терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, аёллар иштироки ва вакиллигини ошириш орқали гендер тенглигига эришиш каби кўплаб долзарб масалаларни ҳал этишга нисбатан парламент ролини кучайтиришда муҳим халқаро платформалардан бирига айланди.

Мазкур минтақадаги давлатларнинг бугунги ривожланиш суръатларини бир қатор аниқ ва натижадор ислоҳотларга боғлаш мумкин. Зеро, инвестиция жозибадорлиги ва бошқа омиллар сабаб мамлакатлар иқтисодий кўрсаткичи ошмоқда, бу эса мамлакатларнинг халқаро майдондаги имижига алоҳида ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирда ушбу давлатлар рақамли технологияларнинг кенг имкониятларидан фойдаланиш, жамиятдаги соҳаларни тўлиқ рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартириш орқали давлатдаги коррупция ҳолатларини камайтиришга эришиш бўйича илғор тажрибага эга. 

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

Бинобарин, илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда «Учинчи Ренессанс» сари бораётган мамлакатимиз тараққиётида барча давлат органлари коррупция иллатига қарши бирдек курашиши, бу борада парламентимиз томонидан қонунларга асосланган, натижадор ва қатъий «парламент назорати» олиб борилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. 

Бунда ушбу давлатларнинг қисқа вақт ичида эришган натижаларини тажриба сифатида қўллаш эса «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилнинг амалдаги ижросини тўла таъминлашга эришиш мумкин.

Буни Сингапурнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича бой тажрибаси мисолида кўриш мумкин. Мазкур давлатда ушбу иллатга қарши олиб борилган тизимли ва муросасиз чоралар ўз натижасини берганлиги дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган.

Шунингдек, мазкур минтақадаги қисқа, лекин асрларга татигулик тажрибани инобатга олган ҳолда миллий парламентимизнинг Осиё-Тинч океани минтақаси парламент форумидаги иштирокини янада фаоллаштириш қуйидаги имкониятларни яратади: 

биринчидан, Олий Мажлис палаталари томонидан амалга оширилаётган мамлакатимиз равнақи йўлидаги ислоҳотларни халқаро майдонда намоён этиш;

иккинчидан, мамлакатимизнинг гендер тенглиги соҳасидаги халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш;

учинчидан, коррупцияга қарши курашишга қаратилган самарали парламент назорати механизмлари бўйича аниқ режалар асосида ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш;

тўртинчидан, минтақа парламентлари билан «электрон парламент» тизими бўйича тажриба алмашиш ва миллий парламентимизнинг фуқаролар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш;

бешинчидан, рақамли иқтисодиёт бўйича парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқиш ва доимий равишда истиқболли таклифлар киритиб бориш. 

Хулоса қилиб айтганда, Осиё-Тинч океани минтақаси форумида Ўзбекистон парламентининг фаол иштироки мамлакатимизнинг ташқи сиёсат соҳасида муҳим устувор йўналиш ҳисобланган дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар самараси янада ошишига хизмат қилади.

 

Жасур ХУДОБEРГАНОВ, 

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари

институтининг Илмий ҳамкорлик 

ва халқаро алоқалар шўъбаси мудири.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan