Очиқлик ва ўзаро мулоқот – самарадорлик омили – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Тараққиётимизнинг янги босқичида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, айниқса, бу борада жамоатчилик ва парламент назоратини таъсирчан усулларда йўлга қўйиш устувор   аҳамият   касб   этмоқда.

Энг муҳими, йиллар давомида “ёпиқ” бўлиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам сўнгги беш йилда ўз эшикларини   жамоатчилик   ва   халқ   вакиллари учун очди.

Натижада давлат ва жамият ҳаётидаги долзарб масалаларга ўзаро мулоқот, баҳс – мунозара, эркин фикр алмашиш орқали оқилона   ечим   топилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг Бош прокуратурага ташрифи ана шундай фойдали мулоқотларнинг   мантиқий   давоми   бўлди.

Сенаторлар ташриф давомида прокуратура органларининг қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган назорат фаолиятининг   натижалари   билан   бевосита   танишди.

Прокурорлар парламент аъзоларига бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган коррупцияга қарши курашиш, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси жараёнида қонунийликни таъминлаш,
инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш бўйича прокурорлар секторлари фаолияти каби ўнлаб устувор йўналишларда амалга оширилаётган ишлар натижаларини аниқ мисоллар асосида батафсил   сўзлаб   берди.

Шу билан бирга, прокуратура органлари фаолиятида янгича ёндашувлар асосида давлат дастурлари ижросини таъминлашга устувор   аҳамият   берилганлиги   таъкидланди.

Хусусан, дастурларга ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширувчи Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида Республика штаби, вилоят ва туман – шаҳарларда прокурорлар раҳбарлигида ҳудудий штаблар ва ишчи гуруҳлар ташкил этилганлиги маълум   қилинди.

Прокуратура органларига юклатилган вазифалар ижросини тўлақонли таъминлаш, фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида тизимга замонавий ахборот технологиялари кенг жорий   этиб   келинмоқда.

Жумладан, қурилишнинг барча босқичларини онлайн назорат қилиш мақсадида ишга туширилган “Бюджет назорати” электрон   дастури   бугунги   кунда   ўз   самарасини   бермоқда.

Сенат аъзолари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг тарзда тегишли соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат тузилмалари ташкил этилганлиги алоҳида   эътироф   этилди.

Жумладан, хотин – қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, ер ресурслари талон – торож қилинишининг олдини олиш, спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳаларида ҳамда табиий кўлларда балиқчиликни ривожлантириш, сув ресурсларидан фойдаланишга оид қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш борасидаги фаолияти билан Сенат аъзолари яқиндан танишди.

Савол – жавоб, қизғин баҳс – мунозарага бой тарзда ўтган мулоқотда илгари сурилган таклиф ва тавсиялар нафақат прокуратура органлари ходимлари, балки Сенат аъзолари учун ҳам   бирдек   муҳим   аҳамият   касб   этиши   шубҳасиздир.

Зотан, Бош прокурорнинг юқори палатага навбатдаги ҳисобот тақдим этишидан олдин ташкил этилган ушбу учрашув сенаторларни прокуратура органлари фаолияти билан яқиндан таништириш баробарида мазкур ҳисобот юзасидан Сенатнинг мукаммал қарорини тайёрлаш ва қабул қилиш имконини ҳам беради.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan