Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун, 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Парламент ахборот маркази билан Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари О.Тожиев, Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши раиси И.Абдуллаев, депутатлар, Девон ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жамиятимизда барча даражадаги давлат органлари фаолиятида очиқликни, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада давлат ҳокимияти органлари билан бирга, парламентнинг ҳам қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан ташқари, мамлакатда ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ошиб бораётир.

Депутатлар корпусининг иш фаолияти, Қонунчилик палатасининг мажлислари оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда замонавий усул ва услубларда ёритиб келинаётгани, депутатларнинг илғор медиа майдонларидан унумли фойдаланиши орқали сайловчилар билан тобора яқинлашиб бораётгани парламентнинг том маънода “халқ уйи”га айланишида муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу меморандумга кўра, Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари, депутатлик сўровлари, парламент назорати механизмлари ҳақида аҳолига халқчил, содда услуб ва тилларда етказишга кўмаклашиш, очиқ ахборот маконини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштирадиган замонавий, демократик ва шаффоф майдон сифатида парламент ва ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг самарали мулоқотини таъминлаш, мулоқотларда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида парламент фаолиятига оид кенг миқёсдаги маълумотларни тақдим этиш бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш, депутатларнинг жамоатчилик билан ўзаро алоқаларини замонавий медиа технологияларини қўллаган ҳолда янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий тармоқларда фаоллигини таъминлашга ҳисса қўшиш бўйича икки томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш белгиланди.

— Кейинги олти йилда Президентимизнинг сиёсий иродаси билан амалга оширилаётган очиқлик сиёсатининг руҳи, кайфияти тарқатилаётган, қизғин муҳокама этилаётган ахборотлар тури ва сифати ошиб бораётганида ҳам яққол кўзга ташланяпти, — дейди Қонунчилик палатаси Спикерининг рақамли ривожланиш ва ахборот сиёсати масалалари бўйича ўринбосари, Парламент ахборот маркази раҳбари Одилжон Тожиев. — Пировардида турли хил дид, дунёқараш ва тафаккурга эга аудиторияга мос ва хос ахборотлардан хабардор бўлаяпмиз, уларни ўз фикрлаш призмамиз, қизиқишларимиз, фаолиятимиз, дунёқарашимиз доирасида саралаяпмиз, қабул қилаяпмиз. Энг муҳими, бу ахборотлар кенг жамоатчилик билан бир қаторда қонун чиқарувчи ҳокимият вакилларини ҳам бефарқ қолдирмаяпти, уларни ўзига хос хулосаларни чиқаришга ундамоқда.

Ўз навбатида, Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши раиси Илҳом Абдуллаев сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ахборот соҳасидаги миллий қонунчиликнинг такомиллаштирилиши натижасида фуқароларнинг сўз эркинлиги ҳамда ахборотни излаш, олиш ва уни эркин тарқатишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, интернет тезлиги ошиб, оммавий ахборот воситалари ривожланган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги таъминланаётганини таъкидлади.  

Қайд этилганидек, бугун депутатлар ҳам замон билан ҳамнафас равишда очиқлик, ошкоралик ва эркинлик принципларига содиқ қолиб, ахборот майдонида ўзига хос ўринни мустаҳкам эгаллашга интилмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга холис баҳо бериб, аҳолини ўйлантираётган ҳар қандай масалалар ва уларнинг ечими юзасидан ўз позиция, таклифини дадиллик билан кўтариб чиқиб, муносабатини билдириб келмоқда.

Лекин бугунги кунда бу борадаги ишларни ҳозирги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда жадаллаштириш, жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш, парламентнинг ахборот сиёсатини янада давр талаблари асосида такомиллаштириб бориш масъул ташкилотларнинг самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилади.

Тадбирда меморандумда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan