Сенат раиси: Ўзбекистон почта соҳасига оид халқаро рейтингда нега паст ўринда? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенат ялпи мажлисида “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида почтадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилаётгани айтилди.

Фойдаланувчиларнинг манзилига оид маълумотлар, почта ва курьерлик жўнатмалари, уларнинг таркиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерларининг фаолияти соҳасига кирадиган бошқа хабарлар почта алоқасининг сирини ташкил этиши ва уни давлат томонидан кафолатланиши белгиланмоқда.

Қонун муҳокамаси жараёнида Сенат раиси Танзила Норбоева  “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти вакилига савол берди:

– “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан миллий оператор тармоғини ривожлантириш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида Ўзбекистон 93-ўринда қолаётганидан хабарингиз борми? Мамлакатимизнинг ушбу рейтингдаги ўрнини яхшилаш учун нима ишлар қилиняпти?

Саволга жавобан билдирилган фикрда жон борлиги, ҳақиқатан, бу соҳадаги рейтингда мамлакатимизнинг ўрни пастлиги, бунга пандемия шароитида халқаро ташув алоқаларининг ёмонлашгани ҳам сабаб бўлгани қайд этилди. Айни пайтда почта ва логистика тизимини яхшилаш, почта жўнатмаларини етказиш вақтини қисқартириш устида иш олиб борилмоқда. Бу чоралар Ўзбекистон рейтинг кўрсаткичлари юқорига кўтарилишига таъсир кўрсатади.

Қонун почта алоқаси соҳасида тадбиркорликни ривожлантиришдаги кераксиз бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради. 

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan