Япония ташқи ишлар вазири Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига ташриф буюрди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 30 апрель куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси билан учрашди.

С.Сафоев учрашувни очар экан, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йилда Японияга амалга оширган тарихий ташрифи Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга ҳамда фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликка янги, кучли туртки бўлганини таъкидлади.

Университет бугунги кунда Япониянинг Нагоя университети, Ниппон академияси, Васеда университети, Саяма университети, Хоккайдо университети каби нуфузли таълим марказлари билан ҳамкорлик қилиб келаётгани алоҳида таъкидланди.

Университетда Япония илмий тадқиқотлари таҳлилий маркази фаолият кўрсатмоқда ва шу тариқа талабалар япон тилини чуқур ўрганиш имкониятига эга. Шунингдек, “Япония байрамлари”, “Япония маданияти кунлари”, “Япониядаги императорлик институти”, “Япон хаттотлиги маҳорати”, “Япон икебана санъати сирлари”, “Японияда айкидо спорт анъаналари” каби анъанавий тадбирлар ва танловлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Учрашувда иштирок этган университет талабалари япон тилида сўзга чиқиб, юқори мартабали меҳмонни қутладилар ҳамда икки томонлама алоқаларнинг ривожланиши ўз самарасини бераётганини, япон тилини ўрганиш ва япон маданияти билан яқин танишиш учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбирда Содиқ Сафоев Университет Илмий кенгашининг Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвонини бериш тўғрисидаги қарорини ўқиб эшиттирди.

Университет профессор ва ўқитувчилари, магистрантлари, талабалари иштирокида Ёсимаса Хаясига ушбу юксак илмий унвонни топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди.

Ёсимаса Хаяси ўз сўзида унга ЖИДУ фахрий доктори унвони берилгани учун университет жамоасига миннатдорлик билдирди ҳамда келгусида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Япония ташқи ишлар вазири Ё.Хаяси ЖИДУ Фахрий меҳмонлари китобига дастхат қолдирди.

Учрашув якунида иштирокчилар биргаликда фотосуратга тушди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan