Меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 28 апрел куни Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонунда кўтарилган масалалар давр талабидир. Бугунги кунда  аҳолининг  эътибор зарур бўлган қатлами – ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан етарлича шароит яратиш ва унинг ҳуқуқий асосларини  янда мукаммалаштириш инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Зеро,  фуқароларнинг давлат ва жамият олдида тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишида барча инсонларнинг эҳтиёжини  бирдек инобатга олиш адолатли. 

Ялпи мажлис муҳокамасига олиб чиқилган мазкур Қонунда  “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун тиббий-ижтимоий хизматлар соҳасидаги сўнгги ислоҳотларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. 

 Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш талабларини бажармаганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда. Афсуски, турли масалаларда олис манзилларга борган ногиронлиги бўлган шахслар меҳмонхоналарда бу жиҳатга етарлича эътибор берилмагани учун қийинчикка дуч келишади. Уларга фақатгина пандус йўлаклари эмас, балки  хоналарда талаб этиладиган шароит ҳам керак бўлади. Бу ўз навбатида  замон андозаларига мос бинони лойиҳалаштириш, бино инфратузилмасига янада эътибор ва масъулият билан ёндошишни талаб этиб, хизмат кўрсатиш сифати ва аҳамиятлиликни оширишга олиб келади.   

 Шу билан бирга , “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга “тиббий-ижтимоий экспертиза” тушунчаси ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунидаги “ногиронлиги бўлган болалар” тушунчаси батафсил ёритиб берилмоқда.

 Албатта, ҳар бир  киритилган ўзгариш ўз аҳамиятига эга ва унинг ижроси шубҳасиз, инсонларга қулайлик яратибгина қолмай, айрим тузилмаларга ўзгаришлар олиб киради.  Имконият ва имтиёзларни оширади.  “Инсон қадри учун” тамойили асосида тизимли амалда тадбиқ этилиб, фуқароларнинг фаровон ҳаётида ўзини намоён этади. 

 Манзура САЛИМОВА,

 Олий Мажлис Сенати аъзоси. 

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan