Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдумалик Акрамовга Наманган вилояти Поп тумани “Уйғурсой” маҳалласи аҳолисидан ичимлик суви, тиббий хизмат, чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаат бўлган эди.
Шунингдек, ушбу маҳаллада бир неча объектлар жойлашган бўлиб, етарли маблағ ажратилмагани боис канализация ва сувоқова тармоғи буткул яроқсиз ҳолатга келиб қолганди.
“Уйғурсой” маҳалласида бугун 2084 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 31 та икки қаватли уйлар бўлиб, аксарияти ўтган асрнинг 50 йилларида қурилган ва шу кунга қадар таъмирланмаган.
Депутат А.Акрамов ушбу муаммоларни жойига чиқиб ўрганиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирликка мурожаат йўллаган эди.
Куни кеча “Уйғурсой”да кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш ва ободончилик ишлари бошланди. Қонунчилик палатаси депутати А.Акрамов ушбу маҳаллага келиб, аҳоли билан учрашди, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Юзма-юз мулоқотлар чоғида сайловчилар томонидан кўтарилган мурожаатларга ечим излади.
www.parliament.gov.uz