Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 5 май куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон миллий университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев таваллудининг 75 йиллигига бағишлаб, “Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция  ўтказилди.

Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармонига мувофиқ, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” доирасида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор Саидахрор Гулямовлар иштирок этди.

Шунингдек, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Россия Фанлар академиясининг Бозор муаммолари институти бош илмий ходими Наби Зиядуллаев (Россия), Dongduk аёллар университети, Евроосиё туркий тадқиқотлар институти профессори ва директори Eunkyung OH (Корея Республикаси), Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (IHT) бош директор маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори Аширбек Муминов (Туркия), давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар, нуфузли олий таълим муассасалар ҳамда ташкилотларнинг вакиллари, конференцияга таклиф этилган меҳмонлар қатнашди.

Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, барчани ушбу нуфузли анжуман билан табриклади.

Давлатимиз раҳбари назарда тутган Учинчи Ренессанс — мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг, иқтисодиёт ва жамият истиқболининг, халққа хизмат қилиш ва кишиларни рози қилишдай эзгу ният билан амалга оширилаётган барча ютуқлар – халқимиз ақлу заковатининг, иқтидор ва истеъдод қувватининг ёрқин тантанаси бўлишини билдириб ўтди.

Шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан “Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциясининг ўзига хос хусусиятлари, юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга, унинг орзу-умид, эзгу мақсадларини рўёбга чақариш учун хизмат қилаётгани, бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш, Янги Ўзбекистонни барпо этишда муносиб ҳисса қўшиш каби фикрлар билдирилди.

Шундан сўнг халқаро илмий-амалий конференция мажлиси “Ренессанснинг тарихий, сиёсий ва маданий шарт-шароитлари, шаклланиш омиллари”, “Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий асослари”, “Жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг устувор йўналишлари”, “Учинчи Ренессансни шакллантиришда туризм соҳаси самарадорлигини ошириш механизмлари”, “Учинчи Ренессансни шакллантириш шароитида рақобатбардош кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш” мавзуларида, шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини бошлади.

Анжуманда 200 га яқин хорижий ҳамда маҳаллий соҳа вакиллари томонидан маърузалар қилинди. Соҳада мавжуд муаммолар, уларга ечим топиш, илмий тадқиқотлар натижалари ўртоқлашилди. Анжуман ташкилотчилари томонидан “Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга келиб тушган мақолалар ҳамда мутахассислар томонидан қилинган маърузалар матни тўплам ҳолида нашр этилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan