Халқаро рейтинглар форуми – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Жорий йилнинг 7 май куни пойтахтимизда “Олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро рейтингларга таъсири” мавзусида III халқаро рейтинглар форуми бўлиб ўтди.

   Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астана, Молия вазири Тимур Ишметов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Пенсильвания (АҚШ) давлат университети профессори Др. Темирлан Молдогазиев кириш сўзлари билан очиб беришди.

     Таъкидланганидек, 2021 йилда эълон қилинган мамлакатимиз учун устувор бўлган жами 19 та халқаро рейтингдан 11 тасида Ўзбекистон позицияси яхшиланди.

     Жумладан, Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 2021 йилда 7 поғона кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллади ва энг тез юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди.

    Суверен кредит рейтингларида ижобий тенденциялар кузатилиб, 2021 йилда “S&P” халқаро рейтинг агентлиги мамлакатимиз кредит рейтингини “салбий”дан “барқарор”га, “Moody’s” агентлиги эса “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди.

      “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз ўз ўрнини 6 поғона яхшилаб, 180 та давлат ичида 140-ўринни эгаллади ва сўнгги беш йилда 17 поғона юқорилади.

     Шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича 2022 йил ўтган даврида амалга оширилган ва келгусидаги истиқболли чора-тадбирлар хусусида маълумотлар берилди.

     Форум иши “Экологик муаммоларга ечимлар”, “Ижтимоий хабардорлик орқали янги имкониятларни яратиш”, “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш истиқболлари”, “Ислоҳотлар кун тартибидаги иқтисодий масалалар”, “Ҳуқуқ устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш” масалаларига бағишланган бешта сессияда олиб борилди.

         Тадбир доирасида “Давлат бошқарувида стратегия ва лойиҳалар ишлаб чиқиш учун халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш” ҳамда “Маҳаллий иқтисодий ва маъмурий самарадорлик” мавзуларида семинар-тренинглар ўтказилди.

      Мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов раҳбарлигида Институт илмий ходимлари иштирок этди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan