Тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматини такомиллаштириш ишлари парламент назоратида – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Бугун Олий Мажлис Сенатида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳудудий дастурларни қабул қилишда сенаторлар томонидан кўрсатиладиган амалий ёрдам жиҳатларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселекторда тиббиёт соҳасини халққа янада яқинлаштириш, жойлардаги тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати муассасалари фаолиятини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳудудий дастурни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганлиги алоҳида таъкидланди.

Шу мақсадда сенаторлар ва депутатларнинг тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматларини ривожлантиришга қаратилган ҳудудий дастурни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиши ҳамда ижросини парламент назоратига олиш бўйича тавсиялар берилди.

Семинарда қайд этилганидек, ҳудудларда тиббиёт, фармацевтика, молия, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларнинг малакали мутахассислари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда Республика ишчи гуруҳи ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда ҳоким раҳбарлигида ишчи гуруҳлар тузилган.

Ишчи гуруҳлар томонидан ҳар бир тез тиббий ва шошилинч ёрдам бўлими фаолияти танқидий ўрганилиши, аниқланган камчилик ҳамда муаммолар бартараф этилиши, тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифатини яхшилаш бўйича ҳудудий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилиши парламент назоратида бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Бунда тез тиббий ёрдам бригадалари учун туманлар орасидаги хизмат қилиш ҳудудлари чегараларини аниқ белгилаш, поликлиникаларда 24 соатлик навбатчиликни ташкил этиш, зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳар бир поликлиникани тиббий ёрдам автомашинаси билан таъминлаш, ҳудуддаги мавжуд кўчаларни номлаш ва уйларни рақамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.

Семинарда ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan