Сенатда қонунлар самарадорлигини ошириш бўйича парламент назорати йўлга қўйилди – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати қўмиталари томонидан қонунларнинг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши юзасидан мониторинг ўтказиш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунга қадар Сенат қўмиталари томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда долзарб аҳамиятга эга бўлган 20 дан зиёд қонунлар мониторинги ўтказилди. Ахборот олиш кафолатлари, хотин-қизлар ҳамда болалар xукук,ларининг ҳимояси, ипотека ва хайрия, электрон тижорат, инвестиция, транспорт ҳамда валюта, экологик хавфсизлик ва техник регламентлаш, тезкор-қидирув фаолияти, халқаро шартномалар, маданий бойликлар соҳасини тартибга солувчи қонунлар ҳамда бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Сенат томонидан йўлга қўйилган мониторинг бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан холда, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун ва Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси талабларига асосланиб олиб борилмоқда.

Мазкур мониторингнинг иккита муҳим фарқли жиҳати мавжуд.

Аввало, шу пайтгача ўтказилган парламент мониторингларида, асосан, қонунлар ижроси ҳолатига урғу берилган бўлса, эндиликда бу масалага комплекс ёндашилиб, амалдаги қонунларнинг самарадорлигини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни бунда нафақат ижро, балки қонун мақсадидан келиб чиқиб, унинг ижро этилмаслигига сабабчи бўлаётган нормалар ва камчиликлари кенг таҳлил қилинаётир.

Яна бир муҳим томони — ушбу парламент амалиётини тизимли олиб боришга катта аҳамият берилмоқда. Шу тариқа қонунларимизнинг амалда ишлашини ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишларини тизимли равишда назорат қилиш — парламент юқори палатасининг бугунги кундаги устувор вазифаларидан бирига айланди.

Хўш, мониторинг жараёнида нималар аниқланди?

Бу жараёнда бир қатор қонунларда камчиликлар мавжудлиги, уларнинг айрим нормалари бугунги кун талабига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Масалан, 1997 йилда қабул қилинган “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонунда тушунчалар аниқ ифода этилмагани, асосий атамалар етарлича очиб берилмагани, аксарият моддалар декларатив хусусиятга эгалиги, амалга ошириш механизмлари акс эттирилмаганлиги боис амалиётда муаммолар келиб чиқмоқда. Қонун тузилмавий жиҳатдан эскирганлигини ҳамда шу соҳада қабул қилинган қонунлар нормалари бир-бирини такрорлаши ҳам кузатилди. Хусусан, Қонунинг аксарият нормалари “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг нормаларини такрорлайди.

“Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун хусусида ҳам шу фикрларни айтиш мумкин. Аввало, номи Қонун тартибга соладиган ижтимоий муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган, яъни унинг тартибга солиш предметига мувофиқ эмас. Масалан, унинг номи рус тилида “О благотворительности” тарзида баён этилган, аммо “благотворительность” сўзи амалдаги қонунчиликнинг ўзбек тилидаги матнларида “хайрия” деб таржима қилинган.

Қонунда хайрия йўналишидаги субъектларнинг тарқоқ ҳолда фаолият юритаётгани ва уларнинг фаолияти очиқлиги ҳамда ҳисобдорлиги масаласи яхлит тартибга солинмаган, ҳайрия ташкилотлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фаолият юритишини мувофиқлаштириш бўйича нормалар мавжуд.

“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун таҳлилига тўхталадиган бўлсак, унда 30 дан ортиқ ҳаволаки нормалар қўлланилган. Ушбу ҳолат Қонунни тўғридан-тўғри қўллашда қийинчиликлар келтириб чиқаряпти. Мисол учун, қатор моддаларида давлат бошқаруви органларининг “қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин”лиги ҳақидаги мавҳум нормалар белгиланганки, бу ҳам амалиётда муайян қийинчиликларни келтириб чиқараётгани сир эмас.

Мониторинг натижаларини умумлаштирадиган бўлсак, конунларда аникданган куйидаги асосий камчиликларни келтириш мумкин:

  • қонунларнинг аксарият моддалари декларатив хусусиятга эга;
  • соҳага доир қонунлар нормалари бир-бирини такрорлайди, яъни улар тизимлаштирилмаган;
  • тушунчалар аниқ ифода этилмаган, асосий атамалар очиб берилмаган;
  • қонунларда ортиқча ҳаволаки нормалар ва эскирган тартибга солиш механизмлари мавжуд.

Ана шундай камчиликлар ўрганилган қонунларнинг ижросига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яъни уларнинг айрим нормалари ишламайди, тўғридантўғри қўлланилмайди. Бу эса со-ҳанинг, асосан, қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинишига сабаб бўлмоқда.

Яқинда мониторинг натижаларига бағишлаб ўтказилган тадбирда ушбу ҳолат Вазирлар Махқамаси, вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари билан чуқур муҳокама қилинди. Унда ўрганилган қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, бунда илғор хорижий тажриба, илмий хулосалар, ижтимоий сўровлар натижалари, жамоатчилик фикри ва Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси талаблари ҳамда мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятлари ҳисобга олиниши кераклиги таъкидланди.

Умуман, Олий Мажлис Сенатида йўлга қўйилган илмий ёндашувга асосланган бу янги мониторинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Дониёр ТЎРАЕВ, Олий Мажлис қузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари.

«Халқ сўзи»
газетаси
№ 49
10.03.2021

Юклаб олиш

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan