Парламент назорати: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси мисолида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Пойтахтимизнинг «Wyndham» меҳмонхонасида Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Самарали парламент назорати механизмларини жорий этишнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда халқаро ташкилотлардан – Германия Федератив Республикаси Бундестаги (парламенти) секретариати, Исроил Кнессети (парламенти) Тадқиқот ва ахборот маркази, Қозоғистон Республикаси Президенти девони моддий-техника таъминоти бўлимининг «Парламентаризм институти» хўжалик юритиш ҳуқуқига эга республика давлат ташкилоти, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Илмий-тадқиқот маркази ва USAIDнинг Ўзбекистонда Ҳуқуқий ислоҳот лойиҳаси вакиллари иштирок этди.

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган жаҳон тенденцияларига мос демократик ислоҳотлар жараёнида парламентнинг, хусусан, парламент назоратининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти янада ошди.

Хусусан, парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни парламентнинг назорат функциясини Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс йўлида янада ривожлантиришга қаратилган самарали тизим яратилишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонунда парламент назорати объектлари, субъектлари, назорат шакллари, қонун ҳужжатлари ижроси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг қилиш, очиқлик ва ошкоралик масалалари ва уни амалга ошириш механизмлари тартибга солинган.

Бундан ташқари, парламент назоратининг янги шакллари, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «ҳукумат соати» институти, Олий Мажлис Сенатида эса вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этилди. Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар миллий парламентнинг мавжуд назорат функцияларини шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги замон талаблари асосида такомиллаштиришнива самарали механизмларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Шу боис анжуманда Олий Мажлис палаталари томонидан парламент назоратини амалга ошириш тажрибасини, парламент назоратини амалга ошириш механизмларига оид илғор хорижий тажрибаларни, хорижий экспертларнинг Янги Ўзбекистондаги парламент ислоҳотлари юзасидан фикрларини ўрганиш йўналишлари қамраб олинди.

Мазкур конференциядан кўзланган мақсад хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида парламент назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш. Шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг 7-мақсадида ҳамда Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 23-бандида белгиланган «Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмлари самарадорлигини ошириш» вазифаси ижроси доирасида ташкил этилди.

Конференцияни модератор – Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов олиб борди ҳамда «Парламент назорати механизмлари: Янги Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида маъруза қилди.

Онлайн ва офлайн тарзда ўтган тадбирда дастур бўйича халқаро, хорижий ва миллий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Конференцияда ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш кўплаб муаммоларни бартараф этиш билан узвий бўлган мураккаб ва давомли жараён эканлиги қайд этилди. Бугунги кунга келиб оддий бир ҳақиқат – давлат бошқарувида кенг ваколатга эга бўлган парламентсиз мамлакатда тўлақонли демократия бўлиши мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Бунда парламент халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонунларнинг ижро ҳокимияти органлари томонидан тўлиқ бажарилишини назорат қилиб бориши мамлакат тараққиётида муҳим омилдир.

Конференция иши асносида парламент назоратини амалга ошириш механизмлари бўйича мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Шу билан бирга уларнинг ечимига доир, парламент назорати борасида самарали механизмларни жорий этиш бўйича миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ҳамкор ташкилотларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда, илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Конференция якуни бўйича ташкилотчилар томонидан илмий-амалий қўлланма тайёрлаш ва чоп этиш режалаштирилган.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan