Қонун ижодкорлигида аёл депутатларимизнинг муносиб ҳиссаси бор – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг 8 март — Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ аёлларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганим мен учун улуғ инъом бўлди. Очиғи, ҳалигача ҳаяжондаман. Бу мен учун катта шараф, шу билан бирга, масъулиятдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик фаолиятим давомида шунга гувоҳ бўлдимки, мамлакатнинг куч-қудратли ва барқарор бўлиши унда яшаётган ҳар бир инсонга боғлиқ. Одамлар ўз ватанини севиб, унинг тараққиёти, эртанги куни учун меҳнат қилса, халқ фаровонлиги учун қайғурса, ён қўшнисининг бехавотир яшашига ўз ҳиссасини қўшса, мамлакат гуллаб яшнайверади, янада ривожланаверади.

Шу нуқтаи назардан айтганда, бугунги кунда қуйи палатада иш олиб бораётган депутатлар турли соҳаларнинг етук мутахассисларидир. Уларнинг ҳар бири ўзининг касбий амалиётидан ортиб, соҳанинг ҳуқуқий мақомини яратиш билан боғлиқ фаолиятга киришиб кетганлар. Бу жараён ўзига хос мураккаб ҳисобланиб, соҳани профессионал жиҳатдан тушунишнинг ўзи етарли эмас. Эндиликда юридик билим, ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ кўникмаларни  мустаҳкам эгаллаш зарур. Шундагина соҳаларга оид қонунлар ўзининг ички хусусиятига кўра пухта ва пишиқ ёзилади ҳамда халққа чинакам хизмат қилади.

Алоҳида қайд этишим жоиз, қонун ижодкорлигида аёл депутатларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Кўплаб аёл депутатлар мураккаб бўлган қонунларни ишлаб чиқиш, уларни синчковлик билан муҳокамалардан ўтказиш каби жараёнларда фаол қатнашиб, қонун имзоланганидан кейинги даврда ҳам унинг бажарилиши устидан кучли назорат ишларини олиб бормоқдалар.

Бундай муҳитда яшаб ишлаган инсон, албатта, ўзидан улкан фидойиликни талаб қилишга одатланар экан. Бугунги кунда ўзбек маданияти ва санъати тизимининг қонуний томонини мустаҳкамлаш, маданий фаолият билан боғлиқ жараённинг юридик мақомини белгилаш, уни қонун меъёрлари билан ҳимоялаш давр талабидир. 2021 йилнинг 20 январь куни давлат раҳбари томонидан имзоланган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун ушбу мураккаб жараёндаги масалаларни ҳал этишнинг илк босқичи бўлди. Ушбу ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида менинг ҳам камтарона ҳиссам бор эканидан фахрланаман. Эндиликда ижод оламининг ривожи учун кенг йўл очиш, ижодкорларни ташкилий масалалар билан шуғулланиш эмас, балки бадиий савия устида бош қотириш, бадиий ғояни мужассамлантиришга имкон берадиган қулай шарт-шароит яратишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашимиз керак. Шу орқалигина маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқишимиз мумкин бўлади.

Бир сўз билан айтганда, қалбида масъулиятни ҳис этган инсонлар юрт тақдирини яратади, бу жараёнда дахлдорлигини ҳис қилади. Бундан улкан бахт йўқ, назаримда. Шундай экан мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланган ҳолда халқимиз ишончини оқлашимиз, уларга камарбаста бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Дўстлик” ордени соҳибаси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan