Кўҳна ва навқирон пойтахт
Тунги Боку заминига яқинлашиб бораётган самолётдан қараган одам назарида аэропорт биноси аланга олиб, ланғиллаб турган машъалага ўхшаб кетади. Зеро, ўт-оташ, машъала озар халқининг, Озарбайжон давлатининг рамзи-тимсоли эканлиги бежиз эмас: серҳиммат табиат томонидан мамлакат замини бағрига инъом этилган нефть конлари бу юртнинг нафақат бугуни, балки эртаси ва табиий, порлоқ истиқболга олиб борувчи йўлларини чароғон этишига шак-шубҳа йўқ.
Ҳар қандай тасодиф замиридаги қонуниятни кўра билиш учун, аввало, ният покиза-беғубор бўлмоғи даркор. Чунки ҳар замон ва ҳар маконда яхши ва эзгу амалнинг асоси, ўзак-ўзаги эзгу ният бўлиб қолаверади. Меҳмонхона томон йўлда кетатуриб майнинг 15-куни Бокуда марафон ўтказилганидан хабар берувчи лавҳаларга кўзимиз тушди. Буни қаранг, айни шу куни Тошкентда ҳам худди шундай соғломлаштириш тадбири ташкил этилди. Арзимас тасодиф дерсиз?
“Бойсун баҳори” садолари самоларга таралаётган кунларда Шуша (Қорабоғ) “Харибулбул” халқаро мусиқа фестивали айёми халқ шодиёнасига айлангани, бу тадбирда йиғилганлар қувончини Озарбайжон Президенти ва ҳукумат аъзолари бирга баҳам кўришганини ҳам тасодиф дегувчилар топилар. Бизнинг назаримизда эса… шаҳар, ўлка ёки мамлакат миқёсида оммавий соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш, миллий куй-қўшиқ шодиёналарини зўр кўтаринки руҳда ўтказиш ҳаётини эмин-эркин тараққиёт йўлига қўйган, турмуш тарзи фаровонлашиб бораётган диёрларга, ўлкаларга, раҳнамоларга ярашади. Халқ ундан илҳом олади, куч-қувват олади.
Муҳташам ва маҳобат келбатли тоғ чўққисини эслатадиган “Fairmont” меҳмонхонаси тепасига қараган одамнинг дўпписи ерга тушиб кетиши муқаррар: ўзиям 3 бўлак-корпусдан иборат, 28 қаватли ойнаванд бинонинг “теша тегмаган” меъморий ечими, шакл-шамойлию, бунёд этиш тарзини ўрганиш учун махсус хизмат сафарини ташкил этишга арзийди. Пойтахтнинг кўркига айланган бу бино тарҳи ҳам ҳаётбахш машъала-аланганинг рамзи, тимсоли. Сўраб-суриштирдик, “Fairmont” – ёнар тоғ, ёғду таратгувчи тоғ маъносини англатар экан.
Умуман, кўҳна ва мўйсафид Боку шаҳри мустақиллик йилларида тубдан қайта қурилди, ёшарди, янгиланди, пойтахтмисан пойтахтга айланди. Қадимий кўп қаватли биноларга уйғунлашиб кетган, меъморчиликнинг модерн услубида қад ростлаган хилма-хил бинолардан кўзингизни узолмай қоласиз. Бўлар экан-ку, деб юборасиз. Шаҳар ниҳоятда озода, саришта. Йўллар равон, баҳаво. Қизиғи, қурилиш, таъмирлаш деярли кўзга ташланмади. Бамисоли тугал бунёд этилган шаҳар дейсиз! Яна бир ибратли ҳолат – Озарбайжонда давлат тилидаги қонун чинакам маънода амалда эканлиги кўча ва хиёбонлар, майдонлар атамалари, пешлавҳаю рекламасифат ёзув ва ҳоказолар мутлақо озар тилида ёзилганлиги ҳавас қиларли даражада миллий ифтиҳор ва ғурур тимсолига айланган.
Президент Илҳом Алиевнинг самимияти
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятида халқаро муносабатлар алоҳида саҳифани ташкил этади. Мутараққий дунё тажрибасини ўрганиш, чунончи, бевосита алоқаларни йўлга қўйиш парламент фаолиятини мутассил такомиллаштириш борасида ҳар жиҳатдан фойдали ва аҳамиятлидир. Парламент аъзоларининг бу галги сафаридан кўзда тутилган асосий мақсад Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясининг учинчи Бош конференциясида иштирок этиш эди. Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова ўзбек ҳамкасбларига йўллаган таклиф доирасидаги тадбирлар ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Бироқ расмий сафаримиз олий даражадаги расмий учрашувдан бошлангани янада қимматли таассуротларга бой бўлди.
Президент Илҳом Алиев учрашувни бизнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган сўзлари билан бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қардоши, биродари сифатида ҳурмат қилишини изҳор этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев мустақил сиёсат олиб бораётганлиги, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалардаги ўз қатъий нуқтаи назари билан юксак ҳурматга сазовор эканлигини, унинг раҳбарлигидаги ислоҳотлар натижа бераётганлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, Озарбайжон раҳбари коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилдан буён хорижий давлатларга барча расмий ташрифларни бекор қилганлигини ва пандемиядан кейинги илк расмий ташрифини албатта Ўзбекистонга амалга оширишини маълум қилди.
Табиий, давлатлар ўртасидаги муносабатларда давлат раҳбарлари орасидаги муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга. Муҳтарам Президентимиз ўзбекона самимиятни халқаро муносабатлар даражасига кўтараётгани ўз навбатида бизга – давлатимизга, юртимизга, одамларимизга ва албатта Президентимизга бўлган самимият руҳини шакллантираётгани холис назар-нигоҳлардан четда қолаётгани йўқ.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув чоғида Озарбайжон Президенти икки мамлакат парламентлараро алоқаларини юқори баҳолар экан, уларни келгусида янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш зарурлигини, шунингдек ўзининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев каби депутатлик тажрибасига эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистоннинг Озарбайжон халқига туҳфа сифатида замонавий умумтаълим мактаби қуриб бериш ҳақидаги қарор учун Ўзбекистон Президентига алоҳида миннатдорлик билдирар экан, мактаб лойиҳасининг ўзига хослигидан ҳайратга тушганини, аҳоли учун зарур бўлган объектларни хорижий ҳамкорлар томонидан қуриб бериш таклифи ягоналигича қолаётганлигидан мутаассир эканлигини очиқ-ойдин таъкидлади.
Озарбайжон Президенти И.Алиевнинг «Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ҳурмат асосида ўрнатилган муносабатлари катта аҳамият касб этади» деган сўзлари ўша куннинг ўзида Озарбайжон марказий телевидениесида ва бошқа электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Глобал муаммога глобал чора
Ҳар қандай миллий парламент ўз халқининг, давлатининг, мамлакатда барпо этилаётган демократик жамиятнинг ўзига хос тимсоли, кўрки, ифтихори саналади. Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси биносига қадам ранжида қилган меҳмон бу ҳақиқатни дарҳол англаб етади. Ҳар бири 15 қаватли қўш бинода эмин-эркин фаолият юритиш, чунончи, турли даражадаги йиғилишлар, тадбирлар, учрашув ва анжуманлар ўтказиш учун барча шарт-шароит мухайё. Миллий Мажлис раиси С.Гафарова билан учрашув дўстона руҳда ўтди. С. Гафарова хоним жорий йилнинг март-апрель ойларида Тошкентга расмий ташрифини илиқ хотиралар билан ёдга олди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевга қабул ва мазмунли суҳбат учун яна бир бор миннатдорлик изҳор этди.
Парламент раиси сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни, шунингдек халқаро миқёсдаги ташаббусларни юқори баҳолади.
С.Гафарова билан делегациямиз Раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов икки қардош парламент ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган режалар юзасидан якдил битимга келишдилар.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Парламент Ассамблеясининг (ПА) учинчи Бош конференцияси “Пандемиядан сўнги даврдаги ҳамкорлик: муаммолар ва қайта тикланиш имкониятлари” мавзусига бағишланди.
Ҳозирги глобаллашув даврида турфа муаммолар глобал тус олмоқда. Уларнинг ечимини излаш ҳам глобал миқёслардаги ҳамкорлик алоқаларини тақозо этмоқда. Бундай табиий ва долзарб жараёндан миллий парламентлар четда қолиши мумкин эмас албатта. Ушбу Конференция ҳам ИҲТга аъзо давлатлар парламентлари биргаликда кўраётган саъй-ҳаракатлар доирасида бўлиб ўтгани диққатга сазовордир.
Ўзбекистон парламенти делегацияси Бош конференциядаги иштироки давомида конференциянинг раҳбар органларини сайлаш, ИҲТ ПА котибиятини тузиш ва уни молиялаштириш манбаини белгилаш ҳамда ташкилот фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокамаларида иштирок этди.
Шунингдек, анжуманда 2021 йил 28 ноябрда Туркманистоннинг Ашхабод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи саммитида аъзо мамлакатлар раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича парламентларнинг янада фаол иштирок этиши лозимлигига алоҳида урғу берилди.
Конференция доирасида ташкилотнинг савдо ва ИҲТнинг савдо битими, коммуникация ва алоқалар, аёллар, ёшлар ва маданий масалалар бўйича қўмиталарнинг қатор долзарб масалаларга бағишланган йиғилишлари бўлиб ўтди.
Бош конференциянинг якуний ҳужжати – Боку декларацияси қабул қилинди. Муҳим ташкилий масалалар юзасидан келишувлар имзоланди.
Бош конференцияда делегация раҳбарлари ўз нутқларида ИҲТга аъзо мамлакатлар орасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини жадал ривожлантириш, парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш лозимлигини қайд этдилар.
Бундан ташқари КОВИД-19 пандемиясидан кейинги даврда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг савдо-иқтисодий, маданий-ижтимоий, транспорт ҳамда логистика йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бош конференция давомида Покистон Ислом Республикаси Миллий Ассамблеясининг янги сайланган Спикери Ража Парвез Шараф ташаббусига кўра икки томонлама учрашув ўтказилди.
Ража Парвез Шараф 2022 йилнинг 4 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрида Покистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан бўлган учрашувдаги иштирокини илиқ хотирлади.
Покистон Парламенти раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни, шунингдек халқаро миқёсдаги ташаббусларни юқори баҳолади.
Покистон парламенти раҳбари икки давлат ўртасида кўп қиррали шериклик алоқалари ривожланиб бораётганлиги, икки томонлама муносабатларни, туризмнинг барча турларини, шу жумладан зиёрат туризмини янада ривожлантиришда мамлакатларимиз ўртасидаги авиақатновларни тиклаш муҳим роль ўйнашини таъкидлади. У Ўзбекистон иқтисодиёти улкан салоҳиятга эга эканлиги ва минтақадаги тез ривожланаётган иқтисодиёт сифатида тан олинаётганлигини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларига Покистон денгиз порти орқали чиқиши бўйича барча интилишларини тўла қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
Адабий кўприк – абадий кўприк
“Глобаллашув”, “инвестиция” сингари атамалар тилимизда оммалашганига у қадар кўп вақт бўлгани йўқ. Ваҳоланки, бадиий адабиёт моҳиятан азал-азалдан глобаллашувлар, инвестициялар тўлқинида яшаган, равнақ топган. ХII асрда яшаган буюк озар адиби Низомий Ганжавий қаламига мансуб бетакрор ижодий мерос Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийдек бетимсол сўз даҳолари эътиборига тушгани, ўзаро сиртқи ижодий мулоқот қизғин тус олгани, Фузулийдек сўз заргари ҳазрат Алишер Навоийни ўзи учун бетакрор устод деб қабул қилгани бадиий тафаккур силсиласи халқалари чамбарчас боғланганидан далолат беради.
Боку давлат университети “Туркология” кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Рамиз Асқарнинг илмий-ижодий изланишлари ана ўша қадимий ва узилмас силсиланинг давоми ўлароқ бугун эътиборга тушмоқда, эътирофларга сазовор бўлмоқда. Олимнинг Алишер Навоийга бағишланган 5 та китобининг Халқаро турк маданияти ва мероси жамғармасида ташкил этилган тақдимоти кўтаринки руҳда ўтди. Озарбайжон Миллий Межлис депутатлари, олимлар ва кўплаб зиёлилар Р.Асқарнинг изланишлари кўп асрлик ўзбек – озар адабиёти алоқаларининг мустаҳкам ҳалқаси-бўғини сифатида аҳамиятли эканини таъкидлашди.
“Низомиддин Мир Алишер Навоий умумтурк адабиётининг энг буюк, энг улуғ шоиридир, деб ёзади олим “Туркий адабиёт даҳоси” тадқиқотида. – У умумий маданият ва адабиёт тарихимизда мисли йўқ, тенги-баробари бўлмаган бир даҳодир. Туркийлар тарихида ҳали ҳеч бир санъаткор унинг қадар ёрқин ва бой мерос яратмаган, унинг қадар қадрли мерос қолдирмаган”.
Миллий адабиётимиз пири, ҳазрат Навоий шахсияти ва ижодий мероси борасида билдирилган бу сингари самимий эътирофларни тинглаш кўнгилларга сурур бағишлайди, қардош Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасида адабий дўстлик кўприги абадий қардошлик кўприги бўлиб хизмат қилишини эътироф этдилар.
Афсонавий Шуша!
Расмий ташрифнинг сўнгги куни қандай ташкил этилганини меҳмонлардан ҳеч ким тахмин ҳам қилолмаганди.
Турли давлатлардан ташриф буюрган Бош Ассамблея анжумани иштирокчилари билан тўлган “Аэробус” ярим соат нари-берисида кенг дала-дашт ўртасида, жуда қисқа фурсатларда қад ростлаган шинамгина, кўҳликкина Фузулий аэропортига юмшоққина қўнди. Дилбар ва бетакрор шоирнинг номи бу бепоён кенглик ўртасига қурилган учоқлар қўналғасига киройи ярашибди!
Ўндан ортиқ ихчам автобуслар изма-из йўлга тушди. Янгигина ётқизилган асфальт йўл олис-олисдан ўрмонли тоғлар, қир-адирлар оралаб кетган сўқмоқ йўлдек оқариб кўринади. Икки томон тоғ, қир-адир, сойлик, қуюқ дарахтзор кўм-кўк, кўм-кўк, кўм-кўк! Ҳавонинг тозалигидан энтикиб кетасан одам!
Йўл-йўлакай кўрдик: аҳоли яшаши учун ичимлик суви, электр, газ ўтказиш зарур, ҳоказо қулайликлар яратилмоғи даркор. Тураржой, айниқса иш жойлари дегандек… Айни палла булбуллару яна ажабтовур анвойи сайроқи қушлар “нағма”ларига жўр бўлгандек қурилиш, бунёдкорлик авжида, бунёдкорлик!..
Сал кам бир ярим соат йўл босган “карвон”имиз, ниҳоят, афсонавий Шуша шаҳрига етиб тўхтади. Шуша – қадимдан озар адабиёти, маданияти, санъати маркази. Мулла Паноҳ Воқифдек (XVIII аср) сўз заргари дунёга келган замин. Жадал таъмирланаётган шаҳар маъмуриятининг тўрт қаватли биноси бўсағасидаги майдон ёнбошида саф тортган сиймоларнинг номлари оламга машҳур: Булбул Мамедов, Хуршидбону Нотавон, Узиер Ҳожибеков бюстлари янги ва шинам супачалардан мустаҳкам макон топди.
Ўзбекистон томонидан қурилиши мўлжалланаётган мактаб биносида она ватани ва она халқига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбия топажак ёш ва навқирон авлод вакиллари вояга етадилар, иншоаллоҳ.
Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Гусейн Гулиев ва Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов фаол иштирок этган барча тадбирлар юксак савияда ташкил этилгани билан меҳмону мезбонлар дилига шукуҳ ва хушнудлик бағишлади.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлари