Тадбирни Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, прокуратура фахрийси Эшмамат Бердимуратовнинг қутлов сўзлари тингланди.
Улар ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибалари, хусусан, талабалик хотиралари ҳақида сўзлаб, ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонда ёш авлоднинг истиқболи учун барча соҳаларда катта имкониятлар яратилгани, улардан ёшлар унумли фойдаланиши кераклиги борасида ҳаётий тавсияларни бериб ўтишди.
Тадбир асносида иштирокчилар университет бинолари, жумладан юридик клиника, Япон маркази, суд зали, криминалистика каби қатор ўқув ва машғулот хоналари, ахборот ресурс маркази, спорт заллари ҳамда уларда яратилган замонавий шароитлар, шунингдек университетнинг мақсадли капитал (Endowment Fund) жамоат фонди фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Университет фахрий профессорлари – Ҳалим Бобоев, Узоқ Бозоров ва Марат Ғуломовларнинг иштироки уч авлод учрашувига янада байрамона руҳ бағишлади.