Тошкент шаҳрида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолияти ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Куни кеча Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилорам Ташмухамедова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Луиза Хикматова ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги ишчи гуруҳ тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати муассасалари фаолиятини атрофлича ўрганди.

Хусусан, ишчи гуруҳ вакиллари мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳудудий дастурни ишлаб чиқиш ишларини, Тошкент шаҳар тез тиббий ва шошилинч ёрдам 1-подстанция фаолиятини ўрганди.

Шунингдек, тизимда яратилган мавжуд шарт-шароитлар, колл-марказ фаолияти, чақириқлар билан ишлаш, подстанция ходимларига келиб тушаётган мурожаатлар ва кўрсаткичлар ҳолати, жиддий жараёнларнинг катта шифокорлар томонидан қай ҳолатда назоратга олинишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, тез ёрдам бригадаси таркибидаги реаниматор ва психиатр фаолиятига эътибор қаратилиб, Жанубий Корея мутахассислари ёрдамида ташкил этилган симуляцион марказ фаолияти ҳамда робот-операционистлар мавжудлиги ҳолати кўздан кечирилди.

Ишчи гуруҳ симуляцион марказ қошида ўқув курслари ташкил этди, робот-операционистлар билан ишлаш усуллари ўргатилаётгани ҳамда ўқув жараёни билан яқиндан танишди. Ўрганишлар давомида ўқув курслари тингловчилари билан ҳам суҳбат олиб борилди.

Тиббиёт ходимлари билан ўтказилган суҳбат давомида эса тез тиббий ва шошилинч ёрдам фаолиятига тўсқинлик қилаётган омиллар аниқланиб, уларга таклифлар билдирилди.

Хусусан, йўллардаги тирбандликлар туфайли тез ёрдам бригадалари бемор олдига ўз вақтида етиб бориш ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатишга қийналаётгани айтиб ўтилди.

Бунга ечим сифатида эса йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тез тиббий ёрдам ва бошқа махсус автомашиналар учун автойўлларда алоҳида махсус йўлакларни ажратиш таклифи билдирилди.

Бундан ташқари, суҳбат давомида ходимлар томонидан аҳолига тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати даражасини ошириш учун ҳудудлардаги мавжуд кўчаларни номлаш ва рақамлаш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун реаниматор врачлар сонини кўпайтириш каби таклифлар берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ томонидан Юнусобод туманидаги 56-сон оилавий поликлиникадаги мобил шошилинч ёрдам муассасасининг фаолияти ўрганилганда поликлиникаларда 24 соатлик навбатчилик суст даражада ташкил этилганлиги аниқланди.  

Ўз навбатида ишчи гуруҳ томонидан соҳада аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрланиб, Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмитасига киритилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan