2022 йил 23 май куни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлисда Сенатнинг йигирма олтинчи ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди.
Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Дастлаб мажлис иштирокчиларига “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти, хусусан, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат хизматчиларининг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ҳамда адолатли танлов асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини ўрнатиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш ҳақида кенг тушунтиришлар берилди.
Мажлисда сенаторлар томонидан ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини кучайтириш борасида қонун даражасида ҳал этиш муҳим аҳамият касб этиши айтилиб, ҳудудларда ер участкаларини олиб қўйиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлардан мисоллар келтирилди.
Шунингдек, енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Ҳукуматнинг тақдим этган маълумотномасида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилган. Жумладан, соҳада ишчи-ходимлар, хусусан, хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш масалаларида республикадаги 1 300 та енгил ва чарм-пойабзал саноати корхоналарида халқаро стандатлар жорий этилган.
Тўқимачилик саноати ташкилотлари 8 ва 10 хавфлилик синфи ва чарм саноат ташкилотлари 5, 6, 8, 10 ва 13 хавфлилик синфларига мослиги аниқланган. Шунингдек, муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида меҳнат шароитларини баҳолаш бўйича жами 105 та ташкилотнинг 2 485 та, шу жумладан, чарм саноатининг 3 та ташкилотида 65 та иш ўринлари аттестацияси ўтказилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан парламент сўровида айрим бандлар юзасидан етарли даражада тушунтириш ёки муносабат билдирилмаганлиги қайд этилди.
Мажлисда меҳнат жамоаларида гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолиятини ўрганиш бўйича дастлабки натижалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилиши белгиланган.
Мажлисда меҳнат жамоаларида маслаҳат кенгаши фаолиятини янада кучайтириш, иш берувчиларнинг аёллар ҳамда эркакларга тенг имкониятлар ва шароитлар яратиш борасидаги масъулиятини ошириш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, ишига муносиб хақ тўлаш, рағбатлантириш ва ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.