2022 йил 25 май куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Унда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича услубий қўлланма” лойиҳаси муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлар, академик ҳамжамият вакиллари, Институт илмий-эксперт кенгаши аъзолари ва экспертлари, мустақил изланувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов модераторлик қилган тадбирни Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева, USAIDнинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори ўринбосари Рахима Назарова кириш сўзи билан очиб бердилар.