Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилининг 26 май куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, экспертлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши котибиятлари мудирлари, ёшлар масалаларига масъул доимий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонун ташаббускорлари томонидан мазкур Қонуннинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви функцияларини бажариш амалиётидан воз кечиш, давлат идоралари ходимлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда уларни ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ушбу Қонун давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва малакасини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилаб, тўғридан-тўғри таъсир этиш кучига эга. Бунда давлат фуқаролик хизмати фақат давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.

Давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари ҳам белгиланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Мажлис доирасида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини кучайтириш борасида қонун даражасида ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар сақланиб қолган.

Қонунда жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда ушбу ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомилларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилиб, ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланмоқда.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил ва 2022 йил 1-чорак якунлари ижроси тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди. Давлат бюджетининг ижроси юзасидан Молия вазирлиги мутасаддилари томонидан тўлиқ ахборот берилди.

Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan