Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 9 март куни Аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимлар ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда жорий йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалалари тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2021 йилда қарийб 440 минг аёллар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Хотин-қизларни касбга (тадбиркорликка) ўргатиш, имтиёзли кредит ажратиш, ҳунармандчилик кластерларини ташкил этиш, хотин-қизларни касбга ўқитиш, улар бандлигини таъминлаш бўйича ННТлар билан ҳам тизимли ишларни йўлга қўйишга эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, мажлисда аёллар ўртасида камқонлик, нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари бўйича кўрсаткичи юқори бўлган ҳудудлар аниқланиб, назоратга олинади. Бунда касалликнинг турига қараб тор доирадаги шифокорлар жалб қилиниб, даволаш ташкил қилинади. Хусусан, 2021 йил якунига қадар қарийб 9 млн. хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш назарда тутилган. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари “маҳаллабай” режа-жадвал тузган ҳолда ишни ташкил қилиб, касаллик аниқланганларини мақсадли соғломлаштириш чораларини кўриб боради. 

Яна бир жиҳат. Ажримлар бўйича кўрсаткичи юқори бўлган ҳудудларни аниқлаб, назоратга олиш, нотинч, эрта никоҳ ва эрта туғруқ содир бўлган оилалар билан “маҳаллабай” асосида тизимли ишларни давом эттириш, ушбу оилаларга ва қизларга психолог, соғлиқни сақлаш, ички ишлар ходимлари, педагог, дин уламолари ва ҳуқуқшуносларни бириктириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Мажлисда хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш (суицид) ҳолатлари, жумладан, унинг сабаблари ва оқибатларини доимий равишда ўрганиб бориш, тазйиққа учраганларга малакали амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар бўйича кўрсаткичи юқори бўлган ҳудуд ва тармоқларни аниқлаб, назоратга олиш, ички ишлар ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориши масалаларига урғу берилди.  

Шунингдек, бу борадаги ишларга сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, касаба уюшмалари вакиллари кенг жалб этилиши қайд этилди.

Мажлисда мазкур масалалар танқидий таҳлил қилинди ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan