Сенатнинг 26-ялпи мажлиси олдидан Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Қўмита аъзолари, экспертлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашларининг депутатлари, тегишли вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бу галги ялпи мажлис муҳокамасига Қўмита томонидан “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонуни киритилган.
Мажлисда ушбу Қонун юзасидан Қўмита хулосасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, мазкур Қонун хусусий саноат корхоналарининг таклифлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг қабул қилиниши асосий ишлаб чиқаришида ёндош маҳсулот сифатида прекурсор ҳосил бўлаётган хусусий корхоналарга муомалада бўлиши чекланган прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш фаолиятини лицензияга асосан амалга ошириш имкониятини яратади. Бу эса, ўз навбатида, хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва маҳаллий саноатни ривожлантиришга хизмат қилади.
Қонунда прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлашни лицензияга эга бўлган юридик шахсларга (давлат ва хусусий корхоналарига) рухсат бериш, шунингдек прекурсорларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишга бўлган талабларни белгиланган тартибда тегишли давлат органлари томонидан назоратга олиш бўйича вазифалар ҳам назарда тутилган.
Муҳокамалар натижасида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
www.senat.uz