Сенат “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни маъқуллади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Давлат фуқаролик хизматчиларига бизнес эгаси бўлиш, қариндошини ишга олиш ва қариндошининг бўйсунувида ишлаш, ўз мавқеидан фойдаланиб совға ва мукофот олиш, республикадан ташқарида ҳисобварақ очишни тақиқлашни назарда тутувчи  қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Қонун билан давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 100 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилмоқда.

Ваколатли орган — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.

Қонун билан давлат фуқаролик хизматчисига қуйидагилар тақиқланмоқда:

  • ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш; 
  • педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш; 
  • ўз мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
  • чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
  • республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.

Шунингдек, давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирларнинг олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятлари юкланмоқда.

Таъкидланишича, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

www.kun.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan