Конституциявий ислоҳотлар ёшлар нигоҳида – Қонунчилик муаммолари институти
Новости

Жорий йилнинг 30 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг “Конституциявий ислоҳотлар ёшлар нигоҳида” мавзусида навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ёшлар парламенти аъзолари, Тошкент давлат юридик университети, Низомий номидаги тошкент давлат педагогика университети талабалари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма мажлиси ҳамда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилишида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни изчиллик билан давом эттиришда ҳуқуқий пойдеворни янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли ўзгаришларни қатъий давом эттириш мақсадида Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда аҳолининг қарийб 60 фоизини ташкил этувчи ёшларнинг иштироки ғоят муҳим. Шу сабабли ёшлар, айниқса, Ёшлар парламенти бу жараёнда асосий локоматив вазифасини ўташи, парламентга ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини Конституциявий ислоҳотларда акс эттиришда ёрдамчи бўлиши лозим.

Йиғилишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилишида кўтарилган масалалар ва ушбу йўналишда Ёшлар парламенти томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамалар жараёнида ҳудудлардан видеоконференция орқали иштирок этган Ёшлар парламенти аъзолари ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан иштирок этди.

Сўз олганлар Конституциявий ислоҳотлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш,  фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини оширишга қаратилган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилишини билдирди.

Қонун ижодкорлиги, айниқса, Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Ёшлар парламенти аъзоларининг дахлдорлик ҳисси юқори даражада бўлиши ва ҳар бир босқичида фаол иштирок этиши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида Ёшлар парламенти аъзолари томонидан Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш, бу борада ўрганиш ишларини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan