Конституциявий ислоҳотлар – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив зарурат – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, янги конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлиши табиийдир.

Мамлакатимизда 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган Президент сайлови жараёнида фуқароларимиз, кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар вакиллари томонидан сиёсий-ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, шунингдек, қонун устуворлиги масалалари бўйича чуқур ва тизимли ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Уларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, жамият ва давлатимизни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунчилик мезонлари ва нормаларини энг ривожланган мамлакатлар даражасига кўтариш зарурати ҳаётимизнинг конституциявий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Шу маънода, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим объектив заруратга айланмоқда.

Маълумки, бугунги кунда инсоният ўз тараққиётида кескин бурилиш даврини бошдан кечирмоқда. Дунё иқтисодий ва инновацион ўсиш, инсон ва жамият ҳаёти сифатини яхшилаш учун улкан янги имкониятлар яратадиган технологик даврга қадам қўймоқда. Халқаро муносабатлар тизимида коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан чуқур инқироз туфайли жаҳон иқтисодиётида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Ахборот технологияларининг жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларига кириб бориши ижтимоий меҳнат муносабатлари таркибий тузилишининг жиддий ўзгаришига олиб келмоқда. Илм-фан, таълим, янги мутахассисликлар бўйича мутлақо янги йўналишлар пайдо бўлмоқда.

Замонамизнинг бу ва бошқа қатор масалалари бутун давлат бошқарув тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга – “Янги шахс”, “Янги фуқаролик жамияти”, “Янги демократик бошқарув тизими”га олиб чиқишни талаб қилади. Бу қатъий талаб, ўз навбатида, тизимли конституциявий ислоҳотлар ўтказишни кун тартибига долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади – “Инсон қадри учун” ҳамда “Давлат – инсон учун” тамойилларини реал ҳаётимизга татбиқ этишдан иборат эканини шу ўринда яна бир бор таъкидламоқчиман. Бу масалада қонунчиликка киритилаётган янгиликлар, ўзгартириш ва қўшимчалар демократик жараёнларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базасини яратмоқда.

Масалан, барчамиз учун Асосий қонун бўлмиш Конституциямизга сўнгги 5 йил ичида Ҳаракатлар стратегияси доирасида 9 марта – 21 моддага 32 та ўзгартириш киритилган.

Умуман олганда, амалдаги Конституциянинг 128 та моддасидан учдан бирига, яъни 37 моддасига 79 та ўзгартириш киритилган. Энг кўп ўзгаришлар Олий Мажлис, Президент ва Ҳукумат ваколатларига оид моддаларга тааллуқлидир.

Ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамият ривожи ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Бу – умумэътироф этилган қоида. Дунё мамлакатларининг ривожланиш амалиёти ҳам шуни кўрсатадики, албатта, конституциявий қонунчилик изчил ва муттасил такомиллашиб бориши зарур.

Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги янги босқичида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан янгиланишларнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш билан узвий боғлиқдир.

Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланаётган, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри энг муҳим қадрият сифатида эътироф этилаётган масъулиятли бир даврда янги давр талабларига мос равишда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш вақти келди.

Бунинг сабаблари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси талабига кўра, миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда юқорида зикр этилган “инсон – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлаш керак.

Ўтган даврда халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича яратилган мутлақо янги демократик тизим – Халқ қабулхоналари ўзини оқлади. Бундан ташқари, барча давлат органлари фаолиятида халқ дардига қулоқ тутиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва халқни рози қилиш мақсадида самарали ишлар қилинмоқда.

Халқ қабулхоналарига конституциявий мақом бериш тўғрисидаги таклифлар кенг жамоатчилигимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда. Президентнинг вазифа ва ваколатларини амалга оширишнинг конституциявий механизмларини яратиш учун жамият ва давлатни ривожлантириш стратегиясининг самарали бажарилиши устидан назоратни таъминлаш, “инсон – жамият – давлат” тизимида мутлақо янги алоқа механизми – Халқ қабулхоналари институтининг ваколати ва масъулиятини янада кенгайтириш зарур.

Иккинчидан, Янги Ўзбекистонда “Инсон манфаатлари – иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони” шиори ҳам халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартига айланмоқда.

Хусусий мулкни ҳурмат қилиш, эркин бозор иқтисодиёти қоидаларига қатъий амал қилиш тамойиллари асосида ерга эгалик ҳуқуқи ҳам жорий этилмоқда. Бу эса бизнинг юртимизда ҳам, ривожланган давлатлардаги каби, ерга хусусий мулк сифатида эгалик қилиш даври келганини англатади. Илгари фақат давлат ерга эгалик қилиши билан боғлиқ эскирган конституциявий қоида ўз аҳамиятини йўқотмоқда.

Хусусий мулк дахлсизлигини, айниқса, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини Конституция даражасида мустаҳкамлаш иқтисодий ислоҳотлар жараёнини янги босқичга олиб чиқади.

Учинчидан, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя асосида Бош қомусимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш зарур.

Оммавий ахборот воситалари бугун халқ овози, том маънода тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Бу борада балки ҳали юксак чўққиларга етганимиз йўқдир, лекин олға силжишлар борлигини инкор қилиш ҳам мумкин эмас. Бугунги кунда жамиятимизда сўз эркинлиги инсон тараққиётининг ажралмас ва муҳим омилига айлангани ҳақиқат.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида жамоатчилик назоратини кучайтириш соҳаларида жуда кўп ишлар қилинди.

Янги Ўзбекистонни кучли ва адолатли фуқаролик жамиятига айлантириш ғояси асосида фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш вазифалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти ва ролини ошириш керак. Шу муносабат билан давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга кўмаклашиш учун ташкил этиш мўлжалланган Жамоатчилик палатасига конституциявий орган мақомини бериш мақсадга мувофиқдир.

Бу эса Жамоатчилик палатаси зиммасига юклатилган энг муҳим вазифалардан бирини – Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига ва Ҳукуматга қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни киритиш функциясини самарали амалга ошириш имконини беради.

Мамлакатимиз ҳаётининг энг долзарб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий масалалари ечимида маҳалла институтининг ўрни беқиёс. Айни пайтда ушбу ноёб тузилма ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати изчил кучайтирилиши, кўплаб бошқарув функцияларининг аксарияти халқнинг ўзига, фуқаролик жамияти институтларига берилишида фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, маҳалланинг ҳуқуқий мақоми ва ваколатларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш зарур. Бу тарихан ташкил топган мазкур миллий демократик институтнинг ислоҳотлар жараёнида янада фаол иштирок этишига имкон беради.

Тўртинчидан, оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур.

Бугунги кунда соғлом, фарзандлари комиллик сари интиладиган оила жамиятимиз учун ўта муҳимдир. Чунки айрим давлатларда оила тушунчасига нисбатан шаклланаётган номақбул муносабатлар оиланинг обрўсига путур етказмоқда.

Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсати туфайли ҳозирги кунда юртимизда ягона оила бўлиб яшаётган миллат ва элатлар вакилларига ўз она тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилмоқда. Юртимизда ёш авлодни бошқа миллатларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Барча миллатлар вакиллари ўзига хос маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириб, мамлакатимиз ривожи, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Лекин, дунёнинг турли ўлкаларида миллатлараро кескинлик кучайиб бормоқда. Баъзи қўшни минтақалардаги жиддий ва ташвишли воқеалар бунга яққол мисолдир.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда халқимизнинг улкан маданий мероси, интеллектуал салоҳиятини асраб-авайлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатларига юртимиздаги қадимий тарихий ёдгорликларни киритиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, биз Асосий қонунимизда анъанавий оила институтини ривожлантириш, бой тарихий ва маданий меросимизни келгуси авлодлар учун муносиб сақлаб қолиш, юртимиздаги миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини белгилаб қўйишимиз зарур.

Бешинчидан, фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак.

Юртимизда ёшларга мустақил ва эркин фикрлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаш, меҳнат қилиш ҳамда етук мутахассис бўлиш учун барча шароитлар яратилмоқда.

Амалдаги Конституциямизда ёшлар ҳуқуқлари ва ёшлар сиёсати ҳақида бирорта ҳам сўз йўқлиги албатта адолатдан эмас.

Келажак авлод ҳақида ғамхўрлик дунёнинг бир қатор давлатларининг конституциялари ва халқаро шартномаларда асосий хуқуқий норма сифатида мустаҳкамланган. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз Конституциясига келажак авлод ҳақида алоҳида боб киритиш зарур.

Олтинчидан, Янги Ўзбекистон шароитида аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш мақсадида ўтган 5 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалари миқдори сезиларли даражада оширилди.

Фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилди. Айниқса, пандемия даврида ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдамга муҳтож фуқароларимиз ҳуқуқларини таъминлашда давлатнинг ижтимоий масъулияти ва роли яна бир бор намоён бўлди.

Бугун юртимиз нафақат ижтимоий, балки адолатли жамият сари илдам қадам ташламоқда. Бинобарин, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини Конституциямизда мустаҳкамлаш зарур.

Еттинчидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масаласи энг устувор йўналишга айланди. Буни қабул қилинаётган қонунлар, суд мустақиллигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Энг асосийси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди. Халқаро ва миллий ҳамкорларимиз билан пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг тизими яратилди. Ана шундай муҳим қадамларнинг натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда. Жумладан, жаҳонда Болалар меҳнатига барҳам бериш йили, деб эълон қилинган 2021 йилда ҳам доимий ҳамкоримиз бўлган Халқаро меҳнат ташкилоти бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз самарасини алоҳида эътироф этмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш – конституциявий ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб, бир қатор давлатларнинг конституцияларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий шартномалардаги нормалар ўз аксини топган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига барҳам бериш, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги қоидалар ўз аксини топиши керак.

Саккизинчидан, бундан ярим аср илгари Орол денгизи дунёдаги тўртинчи ёпиқ денгиз эди. Бир авлод ҳаёти давомида унинг қуриши натижасида нафақат ҳайвонот, балки ўсимлик оламининг кўплаб ноёб турлари ҳам бой берилди. Орол денгизининг қуриган тубидан ҳар йили ҳавога 100 миллион тоннагача туз ва чанг кўтарилади. Энг ёмони, дунёнинг кенг ҳудудларига тарқалаётган бу тўзон бўронлари аҳоли саломатлиги, минтақа табиати ва иқтисодиётига мислсиз зарар етказмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг юқори минбарларидан дунё ҳамжамиятини Орол денгизи қуриши натижасида келиб чиқаётган оқибатларни юмшатиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга фаол чақириб келмоқда. Натижада БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил этилди. Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилинди.

Бугунги глобал иқлим ўзгаришлари жараёнида кўплаб ривожланган давлатлар ўз Конституцияларига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Конституциясида ҳам экологик ҳуқуқлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига доир илғор нормалар устувор ўрин эгаллаши зарур.

Тўққизинчидан, Янги Ўзбекистон пойдеворини яратишда илм-фан, таълим-тарбия, маънавий ва маданий фаолият соҳаларини кенг ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш асосий мақсадларимиздан биридир. Юртимизни ривожланган давлатлар қатори илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш муҳим вазифамизга айланди.

Бугун ҳеч бир соҳада илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга бўлган кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини ҳам конституциявий даражада мустаҳкамлаш вақти келди.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бизга конституциявий ислоҳотлар зарурлигидан далолат беради.

Конституция – догма, яъни қотиб қолган, янгилаш мумкин бўлмаган қоида ва меъёрлар тўплами эмас. Франциялик таниқли давлат ва жамоат арбоби Шарл де Голл бу ҳақда шундай деган: “Солон айтганидек, Конституция бир халққа муайян бир даврда яхши. Уни жонсиз жасад каби мўмиёлаштирмаслик лозим”.

Шунингдек, яна бир машҳур давлат арбоби Уинстон Черчиллнинг “Яхши бўлиш учун –– ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”, деган сўзларида ҳам теран ҳаётий маъно мужассам.

Таҳлилларга қараганда, 1789 йилдан ҳозирги кунга қадар дунёда 3 минг 500 тадан ортиқ конституция қабул қилинган бўлиб, аксарият демократик конституциялар ҳатто “балоғат ёши”га ҳам етиб келмагани кузатилади.

Бу мисоллар 2021 йил 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловида деярли барча сиёсий партиялар фаоллари ва халқимиз вакиллари эътибор қаратган фикр-мулоҳазаларга жуда ҳамоҳангдир.

Энг муҳими, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш асносида конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан кўзланаётган мақсад – Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янги босқичга кўтаришдан иборатдир.

Бугунги кунда мамлакатимиз ва дунёда кечаётган шиддатли ва мураккаб жараёнлар, ислоҳотлар мантиғи ҳам Конституциямизга бир қатор янги норма ва институтларни киритишни талаб этади. Бу, ўз навбатида, бундан салкам 30 йил олдин қабул қилинган Асосий қонунимизни жамиятимизни шиддатли ва изчил ривожлантириш билан боғлиқ реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш объектив заруратга айланганини кўрсатади.

Ана шундай талабларга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳасини тайёрлашимиз, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш, ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни 2022 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилиш, ўйлайманки, миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлади.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидан

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan