Электротехника саноатини ривожлантиришда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Аҳоли фаровонлиги юксалиб боргани сайин электротехника ва электромаиший маҳсулотларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бораверади. Бу эса электротехника саноатини ривожлантиришни ва соҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни тақазо этади.

Бугунги кунда рўзғор учун ишлатиладиган электромаиший техникаларнинг кўп қисми хориждан импорт қилиниши маълум. Хўш, ўзимизда ички имконият ва хомашё мавжуд бўлган бир шароитда нега электротехникаларни ўзимизда ишлаб чиқаришни рағбатлантирмаймиз?

Давлатимиз раҳбарининг “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ушбу соҳага ҳам бир қатор имкониятлар берилмоқда.

Хусусан, унга мувофиқ республикамизда янги турдаги замонавий электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Шу ўринда савол туғилади. Бугун мамлакатимизда бу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ички бозорни таъминлаб, экспорт қилиш имконияти борми? Айни дамда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мазкур ҳужжатда мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини жорий йилда 55 минг тоннага, 2022 йилда 70 минг тоннага етказиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини шу йилда 15 триллион сўмгача, 2022 йилда 19 триллион сўмгача ошириш, маҳсулотлар экспорти ҳажмини 2021 йилда 450 миллион АҚШ доллари, 2022 йилда 600 миллион АҚШ доллари миқдорида таъминлаш, тармоқдаги иш ўринлари сонини 2021 йилда 27 мингтага, 2022 йилда 34 мингтага етказиш назарда тутилмоқда.

Умуман олганда, мамлакатимизда бу соҳани ривожлантириш учун етарли тарзда хом ашё, ишчи кучи ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бор. Демак, иқтисодиётимиз учун ўта муҳим бўлган электротехника саноати равнақи йўлида давлатимиз кенг имкониятлар яратиб бераётган экан, бундан оқилона фойдаланиб, замонавий турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришимиз лозим. Бу халқимиз фаровонлиги ва иқтисодиётимиз салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan