Долзарб мавзудаги давра суҳбати – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

     Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирликлар вакиллари, экспертлар, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов ҳамда Институт илмий ходимлари Алишер Мақсудов ва Жасур Худобергановлар иштирок этди.

     Қўмита раиси Дилором Файзиева модераторлик қилган тадбирда Қўмита аъзоси, депутат Нодир Жумаевнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашидаги нутқи ва ундан келиб чиқадиган вазифалар”, Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Ашраф ХўжаевнингХалқаро майдонда миллий манфаатларни илгари суриш ва ҳимоя қилишда иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш масалалари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Закировнинг “Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятларимавзуларидаги маърузалари тингланди.

     Анжуманда Ф.Отахонов сўзга чиқиб, халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорликнинг истиқболлари масаласига аҳамият қаратди.

     Жумладан, Тараққиёт стратегиясида “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш” деб номланган 97-мақсад бевосита ушбу масалаларга бағишланганини таъкидлаб, бунда техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари ва интеллектуал мулк ҳимояси соҳаларида миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларининг талабларига мувофиқлаштириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида тўхталди.

     Муҳокамалар асносида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan