Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 3 июнь куни Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш, уларни кўриб чиқиш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, халқимизнинг Конституцияни такомиллаштиришда фаол иштирок этиши унинг халқчиллигини таъминлайди. Шу боис, фуқароларга ўз таклифларини Конституциявий комиссияга замонавий воситалар, хусусан «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, «Telegram» мессенжеридаги махсус бот орқали юбориш имконияти яратилди.

Шунингдек, таклифларни маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оғзаки ёки ёзма шаклда ҳам билдириш мумкин. Келиб тушаётган таклифлар Конституциявий комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан кўриб чиқилган ҳолда сараланиб, Конституциянинг боблари йўналишлари бўйича таснифланмоқда.

Йиғилишда Конституциявий комиссиянинг Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган ва Қонунчилик палатасига киритиш учун тавсия этиладиган таклифлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, ўтган даврда барчанинг ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда тақдирланиш ҳуқуқига эгалиги, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласининг ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун ўзининг барча имкониятларидан фойдаланиши лозимлиги, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги, мамлакатда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлашда давлатнинг мажбуриятларини белгилашга доир қатор таклифлар келиб тушган.

Шунингдек, ташаббускорлар томонидан давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлаши, ҳар ким Интернетга кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга бўлиши каби таклифлар юборилган.

Конституциявий комиссия аъзолари давлатнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича кафолат бериши, давлатнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган чораларни кўриш мажбурияти, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини бепул олиш ҳуқуқи, давлатнинг турли мулк шакллари асосида фаолият кўрсатадиган соғлиқни сақлашнинг барча турларини ривожлантириш бўйича зарур чораларни кўриш мажбурияти, ҳеч бир шахс ўз мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, коррупцияга қарши кураш масалалари устидан халқ вакиллари назоратини ўрнатиш, ҳеч бир инсон расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги таклифларга алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борадаги нормаларнинг Конституцияда акс эттирилиши адолатли, халқчил давлат барпо этишга, одамларни рози қилишга, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга оид кўрсаткичларимизни янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан кўриб чиқилиши режалаштирилаётган янги таклифлар бўйича ахборот берилди.

Қайд этилишича, аҳолидан инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан тегишли эканлигини конституциявий мустаҳкамлаш, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмаслигини белгилаш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини Бош қомусда акс эттириш каби яна кўплаб таклифлар келиб тушган.

Ушбу таклифлар Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан кўриб чиқилиб, Конституциявий комиссияга ўрнатилган тартибда киритилади.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – Конституциявий ислоҳотларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш бўйича ишлаб чиқилган Медиа-режанинг ижроси юзасидан ҳам ахборот берилди.

Таъкидланишича, аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини Конституциявий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи юзасидан ўз вақтида ва батафсил хабардор қилиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизнинг етакчи ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.

Конституциявий комиссия ташкил этилган кундан бу кунгача давлат ва нодавлат телеканалларда жами 294 та лавҳалар, информацион ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилган бўлиб, давлат ва нодавлат радиоканалларда 164 та информацион ва махсус эшиттиришлар ташкил қилинган. Шунингдек, марказий ва ҳудудий босма нашрларда 40 дан ортиқ мақолалар чоп этилган.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, ОАВ вакиллари иштирокида Конституциявий комиссия йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда комиссия аъзолари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan