Парламент назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2022 йил 8 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 23-бандининг биринчи ва иккинчи кичик бандларига асосан ташкил этилди.

Унда депутатлар, сиёсий партиялар, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Конференцияда қонун ижодкорлиги фаолиятида жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, уларни ишлаб чиқиш ва маромига етказиш ишларига фуқароларни кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, парламент назорати жараёнларида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш масалалари бўйича билдирилган бир қатор таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, парламент назорати тадбирларини жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш, тегишли соҳада илмий ва амалий иш тажрибасига эга бўлган фуқароларни парламент назорати тадбирларига жалб этиш, ушбу тадбирларида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан эксперт хулосаларини олиш, парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда ижросини ўрганиш шулар жумласидандир.

Конференцияда парламент назоратини амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталари томонидан келишилган ҳолда қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда таъминлаш амалиётини жорий этиш юзасидан илмий доира вакилларининг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди. Унда мутахассислар томонидан парламент назоратини Олий Мажлис палаталари томонидан амалга ошириш масаласи бўйича амалдаги қонунчиликни ҳамда Қонунчилик палатаси ва Сенат ушбу соҳадаги ваколатларининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, экспертлар томонидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси каби махсус тузилмалар фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳамда улар томонидан ўз ваколатлари доирасида мунтазам равишда назорат тадбирлари ўтказиб келинаётганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, парламент назорати бўйича Олий Мажлис палаталари томонидан келишилган ҳолда қабул қилинган қарорларнинг ижросини маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда таъминлаш амалиётини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари билан халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг, шунингдек парламент қўмиталари ва комиссиялари билан халқ депутатлари Кенгашларининг доимий ва муваққат комиссияларининг ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Конференция якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан барча иштирокчиларнинг таклифлари олиниб, ишчи гуруҳга давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ушбу таклифларни тўлиқ кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan