Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратида жамоатчилик иштирокининг долзарб масалалари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш масалалари” мавзуcида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Жорий йил Давлат дастурининг 23-банди биринчи ва иккинчи кичик бандларига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, шунингдек, сиёсий партиялар, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Анжуманни Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Дастлаб Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахоновнинг “Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш масалалари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Жумладан, Ф.Отахонов бу борада Президентимиз томонидан “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида келтириб ўтилган фикрларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш, қонун лойиҳаларини аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш, бу жараёнда Олий Мажлис халқ оммасини кенг жалб этиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиши, Интернет тармоғида махсус майдонлар яратиши кераклиги каби масалаларга тўхталиб ўтди.

Қонун ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш, қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш, кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгиловчи “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш масалаларига урғу берди.

Шунингдек, сенатор ва депутатларнинг парламент ва жамоатчилик назорати институтларини ривожлантиришдаги фаоллигини ошириш борасида қуйидаги таклифларни билдириб ўтди:

биринчидан, парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқаролар иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш мақсадида сенатор ва депутатлар томонидан ўз сайлов округлари ҳудудидаги маҳаллалар билан доимий равишда алоқа ўрнатиш (жумладан telegram тармоғида гуруҳлар очиш) ҳамда мавжуд муаммолар тўғрисида тизимли равишда ахборот олишни йўлга қўйиш;

иккинчидан, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида, парламент назорати тадбирларида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари вакилларининг иштирок этиши, уларнинг фикрларини олиш амалиётини жорий қилиш;

учинчидан, парламент назорати институтини ривожлантиришда сенатор ва депутатларнинг одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда журналист ва блогерлар меҳнатидан самарали фойдаланиш тизимини яратиш;

тўртинчидан, халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб кўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш жараёнига аҳолини кенг жалб қилиш.

Тадбир давомида Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раисининг ўринбосари Иномжон Қудратов парламент қуйи палатаси томонидан қонун ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларида фуқаролар иштирокини таъминлаш масалаларида маъруза қилди.

 Шундан сўнг конференция ишида регламент бўйича кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди.

Якунда, маърузалар ва муҳокамалар асносида билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли вазифалар белгиланди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan