Конституциявий ўзгаришлар — ҳуқуқларимиз кафолати бўлмоғи лозим – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар Янгиликлар

Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш ғояси ўз ифодасини топган.

Албатта, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади бу юртдошларимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитларини яратишдир. Бунга мустаҳкам пойдевор бўлиб шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг кафолати бўлмиш Конституциямиз хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, бугунги ва келгуси тараққиётни белгилайдиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш айни заруратдир. Зеро, мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий-ҳуқуқий ўзгаришлар ҳаммани бирдек фаолаштирмоқда, ўз фикрини, қарашларини эркин билдириш имкониятини яратиб бермоқда. Айниқса, жорий йилнинг май ойида Олий Мажлис палаталари Кенгашлари қўшма мажлисида тузилган Конституциявий комиссия бу имкониятларнинг эшигини янада кенгроқ очиб бераётир.

Аҳоли томонидан билдирилган ҳар бир фикр-мулоҳазалар, таклифлар конституциявий комиссия эътиборидан четда қолмаяпти. Чунки Конституцияда асосий, барча фуқароларга тегишли фундаментал қоидалар акс этиши ҳамда у содда, аниқ-тиниқ ва барча қатлам учун тушунарли бўлиши лозим.

Шу мақсадда фуқароларга ўз таклифларини Конституциявий комиссияга замонавий воситалар, хусусан “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, “Telegram” мессенжеридаги махсус бот орқали юбориш имконияти яратилди.

Шунингдек, таклифларни маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оғзаки ёки ёзма шаклда ҳам билдириш мумкин. Келиб тушаётган таклифлар Конституциявий комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан кўриб чиқилган ҳолда сараланиб, Конституциянинг боблари йўналишлари бўйича таснифланмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилиниб, турли тадбирлар, акциялар, хайриялар ўтказилаётгани ҳаммамизга яхши маълум. Аммо ҳозирги кунда бу чораларнинг ўзи етарли эмаслиги кўриниб қолмоқда. Бу чора-тадбирларни амалга оширишда давлатнинг ўзи бош-қош бўлмас экан, экологик муаммоларни тўлақонли бартараф этиш имкони бўлмаслиги аниқ.

Шундан келиб чиқиб, Бош қомусимизда давлатга алоҳида мажбурият сифатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш, уларни кўпайтириш бўйича нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим. Қолаверса, инсонларнинг қулай атроф- муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашни давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилашимиз керак.

Умуман, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, конституциявий ўзгаришларга инсон-жамият-давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлардаги янгиланишлар, инсон ҳуқуқларининг кенгайиши, инсонларнинг давлатга нисбатан талабларининг кучайиши, жамиятнинг янгиланиш босқичига чиқиши, давлатнинг сиёсий тизимидаги ўзгаришлар асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, халқимизнинг манфаати янада ишончли кафолатланишига, бугунги ва келгуси тараққиётимизга хизмат қилади.

Носиржон АМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan