Тошкент давлат юридик университетида “Конституциявий ислоҳотлар: илмий ҳамжамият нигоҳида” мавзусида илмий-жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тошкент давлат юридик университети ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда ҳуқуқ соҳасидаги таниқли олимлар ва амалиётчилар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг етакчи экспертлари, шунингдек республикамизнинг давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига фуқаролар томонидан билдирилаётган таклифларнинг илмий асосларини муҳокама этиш ҳамда олимларга Конституциявий ислоҳотлар бўйича таклиф ва тавсияларини билдиришларига имкон бериши билан ушбу муҳокама долзарб аҳамият касб этади. Зеро, ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги уларнинг илмий асосланганига боғлиқ эканини кўрсатади.
Тадбирнинг мақсади ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчилар ўртасида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар бўйича очиқ мулоқотни ривожлантириш, бу борада миллий ва хорижий экспертлар билан мулоқот алмашиш ҳамда тегишли илмий асосланган таклиф ва тавсияларни илгари суришга имкон беришдир.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси, академик, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов ҳамда ТДЮ ректори Акбар Тошқулов кириш сўзи билан очиб берди.
Дастлаб ТДЮ проректори, юридик фанлари доктори, профессор Бахшилло Ходжаевнинг “Рақобат ва бозор иқтисодиётининг конституциявий ҳуқуқий асослари” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Шунингдек, илмий муҳокама доирасида:
– конституциявий нормаларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи ва давлатнинг чекланмаган назоратини юзага келтирувчи жиҳатларини таҳлил этиш;
– иқтисодиётнинг ошиқча давлат таъсири остида ривожланишига имкон берувчи амалдаги конституциявий нормалар ёки конституциявий бўшлиқларни муҳокама этиш;
– давлат ҳокимиятининг самарали номарказлашиши учун тўсиқ бўлаётган конституциявий нормалар ва бўшлиқларни муҳокама этишга эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда ижтимоий давлатни шакллантириш, экологик муаммоларни минималлаштиришга қаратилган конституциявий-ҳуқуқий асосларни яратиш, рақамлаштиришнинг конституциявий институтларга нисбатан таъсирини илмий жиҳатдан аниқлаш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Муҳокамада иштирок этган профессор-олимлар, Адлия вазирлиги ҳузуридаги ташкилотлар мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш, жумладан хусусий мулк дахлсизлиги, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, илмий ижод эркинлиги, жамоатчилик бирлашмалари фаолияти бўйича билдирилган қатор фикр-мулоҳазалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тадбир якунида маърузалар ва муҳокамалар асносида билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли вазифалар белгиланди.