Ўзбекистон Республикасида конституциявий ислоҳотлар шароитида маъмурий ислоҳот ва хорижий тажриба – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

   Бугун айнан шу мавзуда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)да илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

  Университет томонидан ташкил этилган тадбирда академик ҳамжамият, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

    Анжуманда “Конституциявий ислоҳотлар ва давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантириш истиқболлари”, “Конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикасида рақобатни ҳимоя қилиш ва монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсати ҳуқуқий институтларини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари”, “Конституциявий ислоҳотлар доирасида коррупция хавфини камайтириш устуворлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон маъмурий ислоҳотиларнинг йўналишлари”, “Маъмурий ислоҳот: миллий ва хорижий тажриба. Лойиҳа гуруҳлари механизмини амалга ошириш – ҳудудларда лойиҳа фаолияти сифатини оширишдир”, “Ўзбекистон Республикасида конституциявий ўзгаришлар шароитида маъмурий ислоҳотларнинг долзарб йўналишлари” ва “Ўзбекистон Республикасида маъмурий тартиб-таомиллар институтининг қонунчилик асосларини ривожлантириш” мавзуларида маърузалар тингланди.

    Жумладан, “Конституциявий ислоҳотлар ва давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида маъруза қилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов давлат хизматининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини белгилаш ва бу борадаги ривожланган мамлакатлар илғор тажрибаси хусусида тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қуйидаги, яъни:

   биринчидан, 32-моддани ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқли экани ҳақидаги норма билан тўлдириш;

   иккинчидан, тегишли моддаларга ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хизмати даврида, шунингдек, Президент, Сенат Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери ваколат муддати даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туриши ҳақидаги нормаларни киритиш;

    учинчидан, 127-моддани қандай ҳолларда конституциявий қонун қабул қилиниши, шу жумладан давлат ҳокимиятининг учта тармоғи ҳамда конституциявий органлар тўғрисидаги қонунлар конституциявий қонун тарзида қабул қилиниши ҳақидаги нормалар билан тўлдириш каби таклифларни билдириб ўтди.

     Тадбирнинг муҳокамалар қисми савол-жавобларга бой ва қизғин мунозаралар билан ўтди.

      Якунда, анжуман иши асносида билдирилган фикрлар, мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилган ҳолда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan