Муҳокамалар давом этмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

    Куни кеча Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Аграр сиёсат, табиий ресурслар ва экология бўйича Доимий комиссияси томонидан “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги модель қонун лойиҳасини такомиллаштириш учун тузилган Ишчи комиссия мажлиси бўлиб ўтди.

  Унда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Акилов онлайн иштирок этиб, “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги модель қонун лойиҳасини такомиллаштирилиш доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

    Таъкидланганидек, модель қонун лойиҳаси бўйича Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Молдова, Беларусь ва Озарбайжон парламентларидан келиб тушган таклифларнинг айримлари модель қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

    Шунингдек, Ишчи комиссия аъзоси А.Акилов томонидан модель қонун лойиҳасининг номини сақлаб қолиш, унда фақатгина Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар учун органик қишлоқ хўжалиги тизимини шакллантиришга хизмат қиладиган умумий қоидаларни ифодаловчи нормалар бўлиши лозимлиги ҳақида мулоҳазалар билдирилди ва ушбу фикрлар иштирокчилар томонидан тўла қўллаб-қуватланди.

   Шу билан бирга, йиғилиш ишида модель қонун лойиҳасида органик ишлаб чиқариш бўйича халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган меъёрларни, жумладан, 33980-сонли халқаро стандарт нормаларини белгилаш масаласини ўрганиб чиқиш тавсия этилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan