Форум жонли ва самимий мулоқотларга бой бўлди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Яқинда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Ёш парламентарийлар-ҳамдўстлик келажагига назар” мавзусида форум бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ва Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари билан биргаликда иштирок этиб қайтдик.

Очиғи, 10 га яқин мамлакат делегациялари иштирок этган форумда янги таассурот, билим ва тажрибга эга бўлдик, десам тўғри бўлади. Боиси, форум доирасида ёшлар сиёсати, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ошириш, парламентдаги ролини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг долзарб масалалари, ёшлар халқ дипломатияси, МДҲ ёшлар парламентлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва халқаро тажриба мавзусида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда фаол қатнашдик ва тажриба алмашдик.

Форум давомида турли мавзуларда семинар тренинг, муҳокама ва давра суҳбатлари тажриба алмашиш учун катта рол ўйнади. Хусусан, “МДҲда ёшлар парламенти тузилмалари тажрибаси ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари”, “Ёшлар сиёсатида инновацион ёндашувлар” “Янги авлод етакчилари. Бугун ёш сиёсатчи қандай бўлиши керак?” “Ёшлар парламентаризми” каби мавзулар атрофида фикр алмашдик, янги билимларга эга бўлдик.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшларга қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз натижаларини кўрсатаётгани, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистоннинг халқаро минбарлардан билдираётган ташаббуслари алоҳида эътибор билан қабул қилинаётганини йиғилганлар эътиборига ҳавола этдик.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан ўрин олган “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” деган фикрлари ер юзидаги ҳар бир мамлакат учун бирдек аҳамиятли эканлигини таъкидланди.

Жонли ва самимий мулоқотларга бой бўлган тадбир якунида келгуси режалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилди. Келишув асосида шу каби форматда муҳокамаларни доимий равишда ўтказишга келишиб олинди.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan