“Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусидаги иншолар танлови ғолиблари парламент фаолияти билан танишди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 15 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва Ёшлар парламенти вакиллари билан “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусидаги иншолар танлови Республика иштирокчиларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар онгига Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.

Мазкур танлов — талабаларни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиши, уларда ижодий, танқидий, нотиқлик, мослашувчанлик, ўз фикрини етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил қилинган. Энг муҳими, “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусидаги иншолар танлови иқтидорли, интилувчан, ижодкор талаба-ёшларни аниқлаш имконини бермоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов билан бўлиб ўтган учрашув ёшларда катта таассурот қолдириши билан бирга, қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Хусусан, улар мамлакатимиз парламенти фаолиятига оид кўплаб саволларига жавоб олдилар.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси, 2019-2023 йилларга мўлжалланган Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси, 2020-2025 йилларга мўлжалланган Китобхонликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшлар муаммолари ва уларни қийнаётган муаммоларни бевосита давлат даражасида кўриб чиқиш ва ҳал этиш имкониятлари ҳақида ёшларга батафсил маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, ёшларга қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Қонунчилик палатаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ялпи мажлис муҳокамаларига тайёрлаш ва қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёнлари хусусида сўзлаб берилди.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари айни вақтда юртимизда қизғин кечаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёни ҳақида ҳам кенг маълумотларга эга бўлишди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан Конституциявий комиссия тузилди ва ўз фаолиятини бошлади. Мазкур Конституциявий комиссия ўз ишини самарали олиб бориши мақсадида кенг жамоатчилик, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини умумлаштиришга, қолаверса, жаҳон тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бундан ташқари, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича жорий йилнинг 24 май кунидан бошлаб “taklif@meningkonstitutsiyam.uz” ёки “taklif@2022.uz” электрон почталари орқали таклифларни қабул қилиш ишлари бошланди, 26 май кунидан бошлаб эса, электрон почтадан ташқари, “www.meningkonstitutsiyam.uz” онлайн платформаси, телеграм махсус боти, 1341 қисқа рақамли “call-markaz” сингари воситалар ишга туширилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бир нечта каналлар ташкил қилинди. Фуқаролар таклифларини ўз ҳудудларидаги маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига оғзаки ёки ёзма шаклда билдириши учун шароитлар яратилди.

Тадбир иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар зали, кутубхонаси, парламент музейи билан яқиндан танишдилар.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan