Янги Ўзбекистонда эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ва моҳиятан бир-бирини бойитувчи туб демократик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёндаги конституциявий ислоҳотлар бугунги ва истиқболдаги муваффақиятли ва барқарор тараққиётнинг зарурий ҳуқуқий шарти ва асоси бўлиб, у ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида мазкур соҳасидаги давлат сиёсатини ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласини конституциявий даражада акс эттиришни тақозо этмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари ҳамкорлигида конституциявий ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган тадбирда ҳам юқоридаги масалалар қатнашчиларнинг диққат марказида бўлди.
Унда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, парламент палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, партияга аъзо ёшлар, турли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва қатор мутасадди ташкилотлар экспертлари, шунингдек Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Алимжон Акилов ва бош илмий ходим Саидаҳмад Ишанходжаевлар иштирок этишди.