Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташрифнинг илк кунида АҚШ расмийлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралари вакиллари билан бир қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказди.
Хусусан, АҚШ Давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан учрашув чоғида томонлар мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, одам савдосининг олдини олиш ва унга чек қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, бу борада халқаро тузилмалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий ҳамда институционал чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлат котиби ўринбосари мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади, Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида ақл бовар қилмас ютуқларга эришганини, Қўшма Штатлар мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг ижобий динамикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, эришилган ютуқлар тўқимачилик соҳасида жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди.
У.Зея Давлат департаментининг одам савдоси тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистоннинг ўрни “назорат остидаги рўйхат”дан иккинчи даражага (Tier-2) кўтарилганини қутлар экан, ушбу саъй-ҳаракатлар давом эттирилишига умид билдирди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини янада яхшилаш учун янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
www.senat.uz