Долзарб мавзуда халқаро илмий-амалий анжуман – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

   Бугун Суд-ҳуқуқ фаолиятини рақамлаштиришнинг долзарб масалалари ва истиқболлари мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

   Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Олмос” конвенцион марказида бўлиб ўтаётган мазкур тадбир Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

    Унда ташкилотчилар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, бошқа қатор давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва академик ҳамжамият вакиллари, маҳаллий, хорижий ва халқаро экспертлар қатнашмоқда.

   Анжуманда, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов иштирок этмоқда.

  Биринчи иш кунида модераторлар – Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдулазиз Расулев ва “Минтақавий мулоқот” ХННТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳуқуқий эксперти Нодиржон Жураевлар томонидан олиб борилаётган тадбирни Адлия вазири ўринбосари Актам Мухаммадиев ва “Минтақавий мулоқот” ХННТ директори Мюша Север кириш сўзи билан очиб беришди.

  Конференция ишида маҳаллий, хорижий ва халқаро экспертларнинг долзарб мавзулардаги маърузалари ўрин олган.

   Анжуман асносида суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш, электрон одил судловни ривожлантириш истиқболлари, коррупцияга қарши курашишда рақамли технологияларни қўллашни янада такомиллаштириш ҳамда рақамлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

    Халқаро илмий-амалий конференция эртага 17 июнь куни ўз ишини давом эттиради.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan