Тадбиркорлик субъектлари фойдасига чиқарилган суд қарорларини ижро этишда сусткашликка йўл қўйилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 16 июнь куни “Хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда эркин рақобатга асосланган бозорни яратиш, товар-хомашё биржа савдоларида профессионал фаолиятни тартибга солиш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, эркин рақобатга асосланган бозорни яратиш, товар-хомашё биржа савдоларида профессионал фаолиятни тартибга солиш борасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявия муҳитини яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги беш йилда бу йўналишда 2 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (қонун, фармон ва қарорлар) қабул қилинган. Бизнес учун 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилган.

Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё билан боғлиқ бўлган кўплаб чекловларга барҳам берилди.

Хусусан, 2022 йилнинг январь-март ойларида кичик (бизнес) тадбиркорлик субъектлари томонидан қарийб 66 млрд сўмлик қўшилган қиймат ёки иқтисодиётдаги ялпи қўшилган қийматининг 44,7 фоизи яратилган.

Шунингдек, биржа ва биржа фаолиятини тартибга солишга оид 5 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 та фармони ва 10 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 15 та қарори ҳамда 2 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Республикамизда хусусий сектор ривожланишига товар-хомашё биржалари фаолияти салмоқли таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, товар-хомашё биржаси савдоларида 2021 йилда 74,5 трлн сўмлик 390 мингта битим тузилган бўлиб, охирги 3 йилда товар айланмаси 2 бараварга ўсган.

Товар-хомашё биржа савдолари орқали ички бозорда юқори ликвидли ҳамда монопол турдаги сотиладиган маҳсулотлар рўйхати 27 тадан 45 тагача кенгайтирилган.

Давра суҳбатида хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда эркин рақобатга асосланган бозорни яратиш, товар-хомашё биржа савдоларида профессионал фаолиятни тартибга солиш масалаларида қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинаётганига эътибор қаратилди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари фойдасига чиқарилган суд қарорларини ижро этишда сусткашликка йўл қўйилмоқда ва бюрократик тўсиқлар мавжуд. Давлат харидлари соҳасида тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилаётган харидларнинг улуши юқори даражадалиги ушбу соҳада рақобатнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусий тадбиркорлик ривожланган умумий овқатланиш соҳасининг ЯИМдаги улуши атиги ўртача 0,5 фоизни (йилига 2,5 трлн сўмни) ташкил этиб, умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бир қатор тизимли муаммолар вужудга келмоқда.

Биржалар фаолиятини тартибга солиш ва биржа савдолари иштирокчилари устидан назоратни амалга оширишда ҳамда биржа савдоларидаги манипуляцияларни тақиқлашда аниқ нормаларнинг йўқлиги бизнес ривожланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Давра суҳбатида таъкидланган масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan