Суд-ҳуқуқ соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиб, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Судлардаги рақамлаштириш туфайли онлайн мурожаат қилиш, онлайн суд мажлисида иштирок этиш, суд раислари қабулига онлайн ёзилиш каби имкониятлар пайдо бўлдики, булар одамларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилди. Муҳими, уларнинг вақти ва маблағи тежалмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, 2021 йилдан бошлаб судларда суд мажлислари белгиланган тартибда аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш йўлга қўйилди. Иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш амалиёти жорий этилди.
Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш бўйича бир қанча вазифалар белгиланган.
Судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш ҳам белгиланган.
«Суд-ҳуқуқ фаолиятини рақамлаштиришнинг долзарб масалалари ва истиқболлари» мавзуида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Олмос» конвенцион марказида бўлиб ўтган мазкур тадбир Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, олимлар, маҳаллий, хорижий ва халқаро экспертлар қатнашган конференция ишида долзарб мавзулардаги маърузалар тингланди.
Суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш, электрон одил судловни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Коррупцияга қарши курашишда рақамли технологияларни қўллашни янада такомиллаштириш ҳамда рақамлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш бўйича мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
www.uza.uz